Амир Темур тадбиркорларга кредит берганми?
Тижорат аҳли– давлат устунларидан биридир ёхуд Темурийлар даври ва Янги Ўзбекистонда тадбиркорларга муносабатнинг ҳайратланарли ўхшашликлари хусусида.
Кўпбўлди, деярли ҳар ҳафтанинг бир кунини кутубхонада ўтказаман. Гарчи мутолаасиз яшолмасам-да, қироатхона руҳи, у ердаги гўзал муҳит оҳанрабо янглиғ ўзига тортаверади. Таомилга кўра, бу гал ҳам телефон ва унга қўшиб ҳамма ташвишларни ташқарида қолдирдим-у ҳузурбахш макон – китоблар қаршисида сирли қалби билан ёлғиз қолишни севгувчилар сафига отилдим.
Бу галги танловим шоҳ ва давлат арбоби, улкан империя асосчиси Амир Темурнинг “Темур тузуклари” (Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, форсчадан Алихон Соғуний ва Ҳабибулло Кароматов таржимаси, академик Бўрибой Аҳмедов умумий таҳрири остида, 1996 й.) асари бўлди. Воажаб, 25 йил бурун ўқиганим бу мўъжазгина асар яна илк саҳифалариданоқ тафаккурга ундай бошлади. Соҳибқироннинг ўгитларини тағин теранроқ туйдим, гўзал тадбирлари, адолати ва халқпарварлиги, юксак ақл-заковатига ҳавас қилдим ҳамда у қурган салтанат бежиз қудратли бўлмаганига қайта-қайта иқрор бўлдим.
Тасаввур қилинг, XIV ва XXI асрларни солиштирар эканман, қарийб етти юз йил аввалги давлатчилик асослари билан бугунги давр ўртасидаги уйғунлик, ўхшашликни англаб ҳайратга тушаман: Амир Темур ва Шавкат Мирзиёев бошқарувининг давлатчилик стратегияси, ислоҳотлари мазмуни ва сиёсий фалсафа, айниқса, тадбиркорларга муносабатининг жуда-жуда яқинлигига, буюк империядаги кўпгина қоидалар бугунги замонавий давлатчилигимизда ҳам яққол намоён бўлаётганига гувоҳ бўлдим ва бундан фахрландим. Зеро, “Темур тузуклари” шунчаки тарихий қўлланма эмас, балки стратегик бошқарувнинг мукаммал моделидир.
Хўш, икки ҳукмдор бошқарувидаги яқинлик, вобасталик нималарда кўринади. Аввал шу жиҳатларга тўхталамиз.
“Куч – адолатдадир” тамойили
Амир Темур давлат бошқарувининг пойдеворини адолат ва қонун устуворлиги ташкил этган. “Давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини эса қилич билан амалга оширдим”, дея таъкидлаган буюк бобомиз ўз тузукларида. Ҳозирги даврда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган “Инсон қадри учун” тамойили ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ўша қарашларнинг замонавий кўриниши, десак янглишмаймиз. Зеро, ҳар икки раҳбар ҳам давлатнинг барқарорлиги бевосита адолатга боғлиқ эканига урғу беради.
Марказлашган давлат ва кучли вертикал бошқарув
Икки даврда ҳам давлат тарқоқликдан кучли марказлашув сари ҳаракат қилган. Темур тарқоқ вилоятларни бирлаштириб, ягона марказга бўйсунувчи қудратли империя тузган. 2016 йилдан сўнг Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизими қайта тартибга солинди, ижро ҳокимиятининг масъулияти оширилди ва давлат органлари халққа хизмат қилиши керак, деган қатъий талаб қўйилди.
Ташқи сиёсат ва минтақавий етакчилик
Амир Темур ҳам, Шавкат Мирзиёев ҳам Ўзбекистон ҳудудини халқаро сиёсат ва иқтисодиётнинг марказига айлантиришга, мамлакатнинг транзит салоҳиятини оширишга интилган. Темур даврида Буюк Ипак йўлининг хавфсизлигини таъминлаб, Европа ва Осиёни боғловчи савдо йўллари назорат қилинган. Ҳозир эса Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги қўшничилик сиёсати ва минтақавий интеграция ташаббуслари Соҳибқирон давридаги геосиёсий фаолликни эслатади.
Бунёдкорлик ва инфратузилма
Давлатнинг қудратини қурилиш ва ободончилик орқали намоён этиш – ҳар икки давр учун хос хусусият. Темур даврида Самарқанд, Шаҳрисабз каби шаҳарлар дунёнинг энг гўзал марказларига айлантирилган (Оқсарой, Бибихоним масжиди ва бошқа улкан иншоотлар). Бугун амалга оширилаётган улкан қурилишлар, “Tashkent City”, “Янги Ўзбекистон” ва бошқа ҳудудлардаги улкан бунёдкорликлар ва ҳудудлардаги замонавий инфратузилма ўзгаришлари...ҳамма-ҳаммаси азалий анъаналар давоми эмасми?
Кенгашли иш тарқамас
Буюк саркарда айтади: “Ҳар бир ишни кенгаш билан қилдим... Кенгаш икки турли бўлур: бири – тил учида айтилгани, иккинчиси – чин юракдан чиққани”. Бу тамойил ҳозирги “Халқ билан мулоқот” ва қарорлар қабул қилишда жамоатчилик фикрини ўрганиш тизимига жуда яқин. Эътибор берайлик, давлат дастурларининг умумхалқ муҳокамасига қўйилиши – “кенгаш” принципининг замонавий шакли эмасми?
Раҳбарнинг шахсий масъулияти ва қатъияти ҳақидаги фикрлари ҳам эътиборни тортмай қўймайди. Темур бошқарувда иккиланишни давлат учун зарарли деб ҳисоблаган. “Бир ишни қилишга қасд қилдингми, уни битирмагунча қўлингни ундан тортма”, дея подшоҳнинг сўзи ва қарори қатъий бўлиши, вазирлар эса фақат маслаҳатчи бўлиши кераклигини уқтиради. “Адолат ва инсоф билан бандаларини ўзингдан рози қил. Зулмдан сақлан, чунки зулм дунёни вайрон қилур ва подшоҳлик чироғини ўчирур”, деган Амир Темурнинг бошқарув тизимида интизом ва инсон омили марказда бўлган. Шавкат Мирзиёев бошқарувида ҳам давлат органларининг эмас, балки инсоннинг манфаати устувор қилиб қўйилди. Президентимиз илгари сураётган ижро интизоми ва раҳбарларнинг шахсий масъулияти масаласи шунга ишора қилади: қарор қабул қилиндими, унинг ижроси албатта таъминланиши шарт!
Соҳибқироннинг “Куч – адолатда” тамойили бугунги кунда “Инсон қадри учун” тамойили билан янгича мазмунда бойитилди. “Раият (фуқаролар) аҳволидан хабардор бўлдим, улуғларини оға ўрнида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрдим... Ҳеч кимга зулм қилмадим” дейди Темур ўз тузукларида. Янгиланган Конституциямизда (13-модда): “Ўзбекистон Республикасида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”. Иккала ҳужжатда ҳам давлатнинг асосий вазифаси инсон манфаатларини ҳимоя қилишдир.
“Гуноҳи исботланмагунча ҳеч кимга жазо бермадим” дейди буюк саркарда. Бу ҳозирги юриспруденциядаги айбсизлик презумпциясидир: “Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда исботланмагунча айбсиз ҳисобланади” (Ўзбекистон Конституцияси, 28-модда). Яъники, инсонни асоссиз айблаш ва қийноққа солиш қатъиян ман этилиши ҳар икки даврда ҳам муҳим қоида бўлган. Икки ҳужжатда ҳам мулкдор бўлиш ва уни ҳимоя қилиш давлатнинг қудрати сифатида қаралади, давлат мулкдорни ва тадбиркорни ҳимоя қилиши шартлиги қатъий белгиланган.
Темурнинг “темир дафтари”
“Темир дафтар” Амир Темур даврида ҳам бўлганини биласизми?
Буюк давлат арбоби камбағаллар ва муҳтожлар аҳволидан доимий хабардор бўлишни давлатнинг бурчи деб билган. Шу боис ҳар бир шаҳарда етим-есирлар, майиб-мажруҳлар учун садақахоналар ташкил этган, уларга нафақа тайинланган. Гадолик (тиланчилик) тақиқланган ва ҳар бир муҳтожга иш ёки бошпана берилган. Шунинг учун бемалол айтиш мумкинки, Ўзбекистондаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва ижтимоий ҳимоя реестрлари Темурнинг камбағалликни тизимли камайтириш ҳақидаги қарашлари билан бевосита муштаракдир.
Шунингдек, Темур вазирлар ва ҳокимларнинг халққа зулм қилишига йўл қўймаган. У махсус хуфиянавислар (назоратчилар) орқали амалдорларнинг халқ билан қандай муомала қилаётганини кузатиб турган. “Вазирлар ва ҳокимлар халққа зулм қилса, уларнинг мол-мулки мусодара қилиниб, ўзлари ишдан ҳайдалсин” дейди у. Бугунги коррупцияга қарши кураш, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолияти ва давлат хизматчиларининг очиқлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳам ўша назорат тизимининг давомидир.
Давлат устунларига муносабат
Амир Темур давлат иқтисодий қудратини оширишда тадбиркорлар (савдогарлар) ва ҳунармандларни жамиятнинг энг муҳим бўғинларидан бири деб ҳисоблаган, “тижорат аҳлини давлат устунларидан бири” сифатида таърифлаган. Ўз навбатида, тадбиркорларга бўлган муносабати, ҳуқуқий ҳимояси ва уларга яратган шароитлари ҳам жуда юқори бўлган. “Дунёнинг ободлигини таъминловчи кишилар”нинг хавфсизлиги учун қатъий қонун-қоидалар ўрнатган. Бунинг учун, аввало, Буюк Ипак йўлида мукаммал хавфсизлик тизимини ўрнатган. Манбаларга кўра, салтанат ҳудудида савдо йўлларини қўриқлаш учун махсус соқчилар ва кузатувчилар тайинлаган. Бу тизимнинг энг муҳим жиҳати, моддий жавобгарлик эди. Яъни, агар савдогарнинг мулки салтанат ҳудудида ўғирланса ёки таланса, ўша ҳудуднинг ҳокими ва аҳолиси етказилган зарарни икки ҳисса қилиб тўлаб бериши шарт бўлган. Талончиликка йўл қўйган масъуллар эса давлат хазинасига беш баравар миқдорида жарима тўлаган. Бу тизим маҳаллий раҳбарларни ўз ҳудудларида хавфсизликни таъминлашга мажбур қилган.
Масалан, солиқ йиғишда бир қанча енгиллик ва қатъий қоидалар ўрнатган:
ҳосилга қараб белгилаш – солиқ фақат ҳосил пишгандан кейин ва даромад манбаи пайдо бўлгач олинган, ҳали даромад олинмасдан туриб солиқ солиш қатъиян ман этилган;
янги ерларни ўзлаштириш – кимки бирон саҳрони обод қилса ёки янги боғ яратса, биринчи йили ундан ҳеч қандай солиқ олинмаган, иккинчи йили раият ўз розилиги билан бергани олинган, фақат учинчи йилдан бошлаб қонуний хирож белгиланган. Шунингдек, давлат олдида катта хизмат кўрсатган шахсларга (амирлар, олимлар ва бошқалар) тархонлик ёрлиғи берилиб, улар барча солиқлардан озод қилинган.
Инфратузилма ва “карвон йўли” хизмати яратиш, хусусан, савдогарларнинг қулай ҳаракатланиши учун улкан қурилиш ишлари олиб борилган, савдо йўллари доимий таъмирланган ва кенгайтирилган. Яхлит карвонсаройлар тармоғини барпо этган. Бу масканлар юқори даражадаги хизмат кўрсатиш тизими билан ажралиб турган. Бу тизим туфайли Амир Темур даврида савдо айланмаси кескин ошган. Хитойдан Европагача бўлган савдогарлар Темур салтанати орқали ўтишни энг хавфсиз ва қулай йўл деб билишган.
Темурнинг халқаро дипломатия ва “Очиқ эшиклар” сиёсатининг юқори даражада бўлганини унинг бошқа давлатлар раҳбарларига йўллаган мактубларида савдогарларни қўллаб-қувватлашга чақирганида кўриш мумкин. Масалан, 1402 йилда Франция қироли Карл VI га йўллаган мактубида шундай деган: “Ўз савдогарларингизни биз томонларга юборинг. Бу ерда уларга иззат-икром кўрсатилади. Бизнинг савдогарлар ҳам сизнинг юртингизга борганда, уларга нисбатан куч ишлатилмасин ва ҳурмат қилинсин”.
Ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳам Темур давлатининг асосий йўналишларидан бири бўлган. Ҳар бир фатҳ этилган ҳудуддан энг малакали ҳунармандларни (тўқимачилар, заргарлар, қуролсозлар, меъморлар) Самарқандга олиб келган. Натижада Самарқанд ўша даврнинг нафақат сиёсий, балки энг йирик ишлаб чиқариш ва савдо хабига айланган. Қисқа қилиб айтганда, Амир Темурнинг тадбиркорликка муносабатида “Давлат – тадбиркорнинг ҳимоячиси” тамойили устувор бўлган. Бу сиёсат иқтисодий барқарорликни таъминлаб, тарихда Темурийлар Ренессанси деб аталган юксалиш даврига асос бўлган.
Энг муҳим ўхшашликлар
Биринчидан, “Тадбиркор бой бўлса, давлат бой бўлади” тамойили ҳар икки бошқарувнинг марказида туради. “Темур тузуклари”да савдогарларни “салтанат корхонасининг иш юритувчилари” деб атаган. У аҳолининг тадбиркор қатламини қўллаб-қувватлаш орқали хазинани бойитиш мумкинлигини тушунган. Шавкат Мирзиёевнинг энг машҳур ибораларидан бири ҳам шунга мос: “Тадбиркорни бой қилсак, давлат бой бўлади”. Бугунги кунда тадбиркор ислоҳотларнинг асосий драйвери (ҳаракатлантирувчи кучи) сифатида кўрилмоқда.
Иккинчидан, давлат томонидан ҳуқуқий ҳимоя ва кафолат, яъни тадбиркорнинг хавфсизлиги биринчи галдаги вазифа деб белгиланган. Темур даврида агар савдогарнинг моли ўғирланса ёки қароқчилар томонидан олиб қўйилса, зарарни ўша ҳудуд ҳокими ёки давлат хазинаси қоплаган. Бу дунё тарихидаги илк “давлат суғуртаси” эди. Ҳозирги даврда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашишга чек қўйиш, Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) институтининг ташкил этилиши ва текширишларга мораторий эълон қилиниши – ўша анъаналарнинг ҳуқуқий давомидир.
Учинчидан, солиқ имтиёзлари ва рағбат тизими. Ҳар икки раҳбар ҳам янги иш бошлаганларга нафас олиш учун вақт берган. Темур даврида кимки қаровсиз ерни обод қилса ёки янги ишлаб чиқариш бошласа, ундан 3 йилгача солиқ олинмаган. Ҳозирда янги ташкил этилган корхоналар, айниқса, чекка ҳудудлардаги бизнес учун кўп йиллик солиқ имтиёзлари ва пасайтирилган ставкалар мавжуд.
Тўртинчидан, инфратузилма ва “Очиқ эшиклар” сиёсати. Тадбиркор учун йўл ва бозор бўлиши шарт. Темур даврида Буюк Ипак йўли бўйлаб юзлаб карвонсаройлар қурилган. Бу савдогарлар учун ҳам меҳмонхона, ҳам хавфсиз омбор вазифасини ўтаган. Ҳозирда мамлакат бўйлаб эркин иқтисодий зоналар, кичик саноат зоналари ва логистика марказлари барпо этилмоқда. Қўшни давлатлар билан чегараларнинг очилиши ва транзит йўлаклари ривожлантириляпти.
Бешинчидан, бевосита мулоқот ва кенгаш. Амир Темур доимий равишда савдогарлар ва ҳунармандлар вакиллари билан маслаҳатлашган, уларнинг дардини эшитган. Шавкат Мирзиёев илк бор 2016 йилда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан президентликка номзодлик сайловолди дастуридаёқ, аввало, тадбиркорлар ва фермерларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, шу орқали мамлакат иқтисодини юксалтириш ҳамда халқ фаровонлигини таъминлаш ташаббуси билан чиққан эди. 2021 йилдан бошлаб эса ҳар йили 20 август – Тадбиркорлар кунида соҳа эгалари билан мунтазам очиқ мулоқот ўтказиб келмоқда. Бунда муаммолар бевосита раҳбарнинг ўзига айтилади ва жойида ечим топилади.
Бир сўз билан айтганда, ҳар икки даврда ҳам тадбиркор – давлатнинг устуни сифатида кўрилган. Темур савдогарни “элни эл билан боғловчи элчи” деб қадрлаган бўлса, бугунги кунда тадбиркор “Янги Ўзбекистоннинг бунёдкори” деб эътироф этилмоқда.
Соҳибқирон тадбиркорларга кредит берганми?
Амир Темур давлатни бошқаришда иқтисодий барқарорликка ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга жуда катта эътибор қаратган.
Хусусан, савдогар ва ҳунармандларни уч тоифага бўлиб, ёрдам кўрсатган:
сармоясидан айрилган савдогарлар, агар бирор савдогар ўз маблағини йўқотиб қўйса, унга давлат хазинасидан ўз ишини қайта бошлаши учун етарли миқдорда сармоя берилган;
иши юришмаган тадбиркорлар, маблағи камайиб қолганларга ишини юргизиб олиши учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ёки хомашё олишга кўмак берилган;
чет эллик савдогарлар, бошқа давлатлардан келган савдогарларга божхона имтиёзлари берилган ва уларнинг хавфсизлиги тўлиқ кафолатланган.
Деҳқончилик билан шуғулланувчилар учун ҳам ўзига хос “кредит” тизими мавжуд эди:
илк ҳосилгача кўмак, ташров (қаровсиз) ерларни ўзлаштирган тадбиркорларга биринчи йили ҳеч қандай солиқ солинмаган;
уруғлик ва озуқа, деҳқонларга ерни ҳайдаш учун керакли уруғлик, бўйинтуруқ (иш ҳайвонлари) ва асбоб-ускуналар берилган;
суғориш тизими, давлат ҳисобидан янги каналлар ва ариқлар қазилиб, ернинг унумдорлиги оширилган.
“Агар бирон бир савдогарнинг сармояси қўлидан чиқиб кетган бўлса, унга хазинадан ўз ишини юритиб олиши учун сармоя берилсин. Ҳунарманд ва косибларга эса ишларини давом эттиришлари учун асбоб-ускуналар ва хомашёлар берилсин”. Англашиладики, Амир Темур иқтисодий тизимининг ўзига хослиги ва мақсади – фойда олиш эмас, балки аҳоли фаровонлиги ва давлат хазинасига солиқ тушумини таъминлаш бўлган. Унинг сармоялари натижасида тадбиркор ишини ўнглаб олганидан сўнг, бўлиб-бўлиб қайтариш имкони бўлган, яъни ўзини ўнглаб олишига имкон яратилган.
Хўш, бу тизим бугунги замонавий микрокредитлаш ёки грант тизимимизга жуда яқин эмасми? Бу нафақат иқтисодий, балки ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизми бўлиб, мамлакатда “кучли тадбиркор – кучли давлат” тамойили, хусусан, давлатнинг иқтисодий қудрати айнан ерга бўлган муносабат ва деҳқонни қўллаб-қувватлаш орқали шаклланди. Давлат раҳбари деҳқонни нафақат маҳсулот етиштирувчи, балки стратегик тадбиркор сифатида кўради.
Ҳозирда деҳқон ва фермерларни қўллаб-қувватлаш тўлиқ молиявий институтлар ва рақамли тизимлар орқали амалга оширилмоқда:
имтиёзли кредитлар – пахта ва ғалла етиштириш учун йиллик 10 фоиздан 14 фоизгача бўлган (инфляциядан паст) имтиёзли кредитлар берилади;
“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури – деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгаларига гаровсиз ёки соддалаштирилган тартибда (маҳаллабай тизимида) кредитлар ажратилади;
лизинг тизими – замонавий техника (тракторлар, комбайнлар) деҳқонларга узоқ муддатли лизинг (ижарага сотиб олиш) асосида берилади, бу Темур давридаги “бўйинтуруқ бериш” анъанасининг замонавий кўринишидир;
субсидиялар – сув тежовчи технологиялар (томчилатиб суғориш) ўрнатган деҳқонларга давлат харажатларнинг бир қисмини қайтариб беради (қайтариб берилмайдиган молиявий ёрдам).
Ўзбекистонда янги ер ўзлаштирган, боғ яратган ёки тадбиркорлик бошлаган шахслар учун берилаётган имтиёзлар тизими Амир Темурнинг “ташров ерларни обод қилганга солиқ имтиёзи бериш” анъанасининг замонавий ва кенгайтирилган кўринишидир. Масалан, қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик бошлаётганлар учун давлат томонидан қатор қўллаб-қувватлаш чоралари мавжуд. Янги барпо этилган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар учун ушбу ерлар қатор ораларига экин экилганлигидан қатъи назар, 3 йил муддатга ер солиғидан озод қилинади. Агар деҳқон янги ерда томчилатиб ёки ёмғирлатиб суғориш тизимини ўрнатса, давлат ҳар бир гектар учун 8 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача харажатларни қоплаб беради. Янги ўзлаштирилаётган ерларга электр энергияси ва сув чиқариш учун насослар ўрнатиш харажатларининг бир қисми давлат томонидан субсидия шаклида тўлаб берилади.
Янги иш бошлаётган шахслар учун гаровсиз ёки имтиёзли шартларда кредитлар берилади. Оилавий тадбиркорлик учун ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси билан йиллик 14 фоиз (имтиёзли) ставкада кредитлар ажратилади. Сармоя олингандан сўнг дастлабки 6 ойдан 1 йилгача фақат фоизлар тўланади, асосий қарз тўлови эса кейин бошланади (бу тадбиркорга ишини йўлга қўйиб олиш учун вақт ва имкон беради).
Муайян соҳаларда имтиёзлар янада кўпроқ. Жумладан: ҳунармандчиликда – “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари даромад солиғидан тўлиқ озод этилган; пиллачилик ва қоракўлчиликда янги хўжалик ташкил этганлар учун ер солиғи ва мулк солиғи ставкалари пасайтирилган, туризм – оилавий меҳмон уйларини ташкил этганлар учун солиқ ставкалари сезиларли даражада паст ва текширувлар бўйича мораторий амал қилади. Янги таҳрирдаги Конституция ва қонунчиликка кўра тадбиркорнинг мулки дахлсиздир. Давлат органининг ноқонуний қарори натижасида тадбиркорга етказилган зарар давлат томонидан тўлиқ қопланади.
Бундан ташқари, савдо ва тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жазо чоралари сезиларли даражада юмшатилди. Иқтисодий жиноятлар учун қамоқ жазоси ўрнига жарима қўлланилди. Агар тадбиркор етказилган моддий зарарни тўласа, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмайди. 2017 йилги тарихий ислоҳот – валюта бозорининг эркинлаштирилиши (Президентимизнинг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, 2017 йил 2 сентябрь, 5177) билан савдогарларнинг ўз даромадларини эркин конвертация қилиш ва чет эл валютасида операциялар ўтказиш ҳуқуқи қонуний кафолатланди.
Мулк ҳуқуқи дахлсизлиги кучайтирилди. Давлат раҳбарининг бир нечта фармонлари билан “снос” (биноларнинг бузилиши) ва ер участкаларини олиб қўйиш тартиби қатъийлаштирилди. Эндиликда тадбиркорнинг мулкини жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйиш фақат суд қарори ва олдиндан компенсация тўлангандан кейингина амалга оширилади. Хусусий мулк дахлсизлиги Конституциянинг янги таҳририда алоҳида мустаҳкамланди.
Бундан ташқари, ҳокимларнинг тадбиркорларга тегишли қарорлари “E-qaror” – очиқ тизимга жойлаштирилиб, уларнинг қонунийлиги Адлия вазирлиги томонидан текширилади. Савдогарлар учун рухсатнома ва лицензиялар олишдаги бюрократияга чек қўйилди, инсон омилисиз рақамли тизимга (Давлат хизматлари маркази) ўтказилди...
Икки давр – бир мақсад
Хулоса эса битта: Амир Темурнинг “Темур тузуклари” ва Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси, ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, ҳар йили Олий Мажлис ҳамда Ўзбекистон халқига йўлланаётган Мурожаатномалар, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси каби дастурлар орасида ҳайратланарли ўхшашликлар мавжуд. Қувонч билан айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистоннинг пойдевори буюк ва қудратли боболаримизнинг давлатчилик анъаналаридан ибратланиб, улуғ мақсадларга эришиш нияти билан қўйилган.
Янги Ўзбекистонда янгиланган Конституциямиз асосида олиб борилаётган ижтимоий-ҳуқуқий эврилишлар ва қонунларимиздаги кўплаб нормалар аслида халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган ва Амир Темур даврида шаклланган давлатчилик анъаналарининг замонавий ҳуқуқий тил билан ёзилган кўринишидир. Улуғлардан руҳланган ҳолда бошланган хайрли ишларнинг натижасини эса ҳаммамиз кўриб турибмиз!
Нурхон Элмирзаева.