Амир Темурнинг ҳомийси бўлган ҳукмдорнинг қабри қаерда?

XIV асрнинг 40-йилларида Чиғатой улусида бўлиниш юз берди ва унинг ғарбий қисмларига чингизийлардан бўлган Қозонхонни урушда енгган Амир Қазаған ҳукмдорлик қила бошлайди. Академик В.Бартольд Амир Қазағанни турк амири, деб ҳисоблайди. Балки шунинг учун Амир Қазаған ўзини хон деб эълон қилмайди ва чингизийлардан бўлган Донишмандча Ўғлон ва Хисрав Баёнқулихонларни сохта хон сифатида тахтга ўтқазиб, уларнинг номидан 1346-1358 йилларда Мовароуннаҳрни идора қилади.

Амир Қазаған ўша пайтда ўсмир ёшида бўлган Амир Темурдаги шижоат ва зийракликни сезиб, ўз ҳомийлигига олган. Манбаларда қайд этилишича, Амир Темурнинг сиёсий саҳнага келиши, мамлакатда кўзга кўринган саркардалардан бирига айланишида Амир Қазағаннинг хизмати катта бўлган. 1355 йилда Амир Қазаған ўз набираси Ўлжой Туркон оқони Амир Темурга турмушга беради ва бу Улжой Туркон оқонинг акаси Амир Ҳусайн ҳамда Амир Темур ўртасида мўғулларга қарши иттифоқ юзага келишига ҳам сабаб бўлади.

1358 йилда Амир Қазаған Мўғулистон хони Туғлуқ Темур ҳамда ўзи сохта хон этиб кўтарган Хисрав Баёнқулихонлар фитнаси оқибатида ов вақтида ўлдирилади ва Термиз яқинидаги Соли-Саройда дафн этилади. Унинг ўрнига тахтга ўғли Абдулла ўтиради ва ўз давлатининг пойтахти этиб Самарқандни танлайди ва отасининг ҳокини Самарқандга олиб келиб Шохизинда ансамблига дафн эттиради.

Амир Қазағаннинг қабри бугунги кунгача етиб келмаган. Бироқ XX аср бошларида олиб борилган тадқиқотлар Қусам ибн Аббос мақбарасига кириш эшиги рўпарасида – Туман оқо мажмуаси билан бирлашиб кетган хонада Амир Қазаған исми битилган қабртош бўлганлигини кўрсатади. Қабртошга «Буюклик ва адолат амири, буюк амир Амир Қазаған, Аллоҳ унинг қабрини ёруғ қилсин, қилган амаллари ила жаннатга дохил бўлсин. Рамазон, 757 йил» сўзлари битилган. Афсуски, ушбу қабр сақланиб қолмаган.

Маҳмудхон ЮНУСОВ,

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.