Самарқандда нега “кармашка” йўқ?

Яқинда хориждан қайтган бир танишим чет давлатларининг марказий шаҳарларидаги кўчалар кенглиги, айниқса аҳоли тураржойларига кириш учун катта йўллар ёнида алоҳида “кармашка”лар борлигини айтиб қолди. Бизда эса аксарият йўллар тор, бу ҳам етмагандек, кўп қаватли уйлар ва бошқа ижтимоий объектларга кириш учун алоҳида йўлак йўқлиги боис кўчаларда тирбандлик ортмоқда.
Хўш, айни муаммонинг олдини олиш бўйича бирор янги лойиҳа ёки режалар ишлаб чиқиляптими? Масалан, бизда ҳам “кармашка”лар бўладими?
Мавзу юзасидан мурожаат қилган биринчи манзилимиз “Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат муассасаси бўлди. У ердан олинган маълумотга кўра, бугунги кунда вилоятимизда 20262 километр ички йўллар бўлиб, шундан 7702 километри таъмирталаб. Жорий йил 713 километрини таъмирлаш ва 16,8 километр янги йўл қуриш режалаштирилган. Бироқ ҳозирча бирорта кўчани кенгайтириш ёки унда “кармашка” қуриш назарда тутилмаган экан.
— Ташкилотимиз кўчани қуриш ёки таъмирлаш ишларида буюртмачи вазифасини бажаради, - дейди муассасанинг лойиҳа-таъминот бўлими бошлиғи Соҳиб Ғайбуллаев. – Яъни, биз ўз ташаббусимиз билан бирор тор кўчани кенгайтириш ёки унда “кармашка” қуришни амалга ошира олмаймиз. Бунинг учун ҳудудий ҳокимлик қарори керак. Хусусан, бир кўчани кенгайтириш учун унинг икки ёнидаги қурилмалар, коммунал тармоқларни бузиш ёки кўчириш бўлади. Қолаверса, дарахтлар бор. Уларни кесишга мораторий эълон қилинган. Бу мураккаб жараён бўлиб, унга кўплаб ташкилот ва идоралар жалб қилиниши лозим.
Вилоятимизда бу масалада тажриба йўқ эмас. Мисол учун, Уста Умар Жўрақулов кўчасида ички ёндош йўл ташкил қилинган. Эътиборлиси, бу қулайлик ҳовлиларда истиқомат қилувчи фуқаролар учун хизмат қилмоқда. Наҳотки шу тажрибани оммалаштириш, ҳеч бўлмаса, янги қурилаётган аҳоли пунктларида шуни инобатга олишнинг имкони йўқ, деган савол туғилади.
— Шаҳримизга очиқ осмон остидаги музей, дея тариф берилиши бежиз эмас, - дейди Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари котибияти мутахассиси Элдор Тагиев. – Унинг ҳар бир бурчаги, кўчасида ЮНЕСКО рўйхатига киритилган маданий мерос объектлари бор. Кўчаларни кенгайтириш учун бу тарихдан воз кечиб бўлмайди. Шу боис кўчаларни эмас, шаҳарнинг ўзини кенгайтириш чоралари кўриляпти. Шунингдек, қўшни туманлар ўртасида транспорт қатновини тартибга солиш учун шаҳарда бир нечта ҳалқа йўллар қурилиши режалаштирилган. Натижада ҳудудга кириб келувчи транспорт воситалари сони камаяди. “Кармашка” масаласига келсак, бу бўйича ҳали янги лойиҳа йўқ.
Энди шу эшитган ва билганларимиз атрофида мулоҳаза қилиб кўрайлик. Тўғри, Самарқанд шаҳри ва ҳатто, туманларимиз марказидаги асосий кўчалар бугунги кун транспорт оқими талабларига жавоб бермай қолди. Лекин бу муаммони бартараф этиш бўйича стратегик ечимлар кўринмаяпти. Айтайлик, шаҳар ҳудуди кенгайиши ундаги ижтимоий объектлар янги ҳудудларга кўчирилишини англатмайди. Демак, аҳолининг асосий қисми яна марказга интилади. Тарихий обидалар, муқаддас қадамжоларимиз атрофида бозору турли савдо мажмуаларининг қурилиши, аксарият янги қурилмаларда уларга хавфсиз кириб-чиқиш ёки транспорт воситаларининг тўхтаб туриши учун шароит йўқлиги ҳам сир эмас. Бугун кўчани кенгайтиришга бир нечта маданий мерос объекти ёки кўп йиллик дарахтни сабаб қилиб кўрсатсак, эртага янги объектларни кўчириш қимматга тушади, демаймизми?
Кўчаларимизда “кармашка” учун жой йўқдир, лекин ҳозир мавжуд пиёдалар йўлаклари ҳам пиёдаларга эмас, балки транспорт воситаларига хизмат қилаётгани, тадбиркорлар томонидан эгаллаб олинаётгани айни ҳақиқат. Биргина Рудакий кўчасини олиб қаранг. Унинг, айниқса, Самарқанд темирйўл вокзалидан Гагарин кўчаси кесишмасигача бўлган қисми эътиборингизни тортиши аниқ. Кўчанинг икки ёнида кўп қаватли бинолар қад ростлагани ҳолда уларнинг биринчи қаватлари турли савдо дўконларидан иборат. Шу сабабли асосий кўчанинг бир йўлаги ва кўпинча пиёдалар йўлаклари ҳам транспорт воситалари учун тўхташ жойи вазифасини ўтайди. Агар “маданият”имиз пиёдалар йўлагида транспорт бошқариш, уни тўсиб қўйишга йўл қўяётган экан, шу йўлакнинг бир қисмини транспорт воситалари ҳаракати учун бериш афзалроқ эмасми? Ҳеч бўлмаганда иккита муаммодан бири ҳал бўларди. Пиёдалар учун эса торроқ бўлса-да, баландроқда, устида транспорт воситаси ҳаракатлана олмайдиган йўлак қилинса, мақсадга мувофиқ. Бугун бу муаммони нафақат шу ерда, балки бошқа шаҳар ва туманларда ҳам кўриш мумкин.
Маданият масаласига тўхталган эканмиз, ўзи халқимиз айни қулайликларга тайёрми, деган саволга ҳам жавоб излашга мажбурмиз. Уста Умар Жўрақулов кўчасидаги “кармашка” ҳақида гапирдик, лекин у билан боғлиқ айрим кўнгилсиз ҳолатларни ҳам айтиб ўтиш зарур. Масалан, 2024 йилнинг 3 июлида айнан шу “кармашка”дан ўтаётган бир болакайни юқори тезликда ҳаракатланган транспорт воситаси уриб юбориб, умрига зомин бўлган эди. Ундан кейин ҳам ҳудудда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларининг қўпол бузилиши билан боғлиқ кўплаб хабарлар тарқалмоқда. Шу кунларда айрим ҳайдовчилар мазкур йўлакдан асосий йўлдаги светофор ёки тирбандликда туриб қолмаслик учун қўшимча “трасса” сифатида фойдаланяпти. Демак, айни ҳолат бошқа, янги ташкил этиладиган “кармашка”ларда ҳам такрорланиши эҳтимоли юқори.
Хуллас, қарс икки қўлдан чиқади. Шароит яратилса-ю биз ундан жамоат эмас, балки фақат ўз манфаатларимиз йўлида, маданиятсизларча фойдалансак, бундан нима наф? Танганинг иккинчи томони ҳам бор: шароит яратилмаслиги ҳам одамларнинг ўз эҳтиёжларини қондириш учун маданиятни четлаб ўтишга мажбур қилиши мумкин. Масалан, транспорт воситаларининг пиёдалар йўлакларида қолдирилиши ҳар доим ҳам ҳайдовчининг маданиятсизлигини англатмайди. Унда бошқа чора бўлмаслиги мумкин. Хўш, сиз нима дейсиз? Йўлларимизда тартиб бўлиши учун нима қилишимиз керак?
Асқар Баротов.