Самарқанд йўлларида бошқарув автоматлашади
Йўлларда тирбандликлар кўп, автоҳалокатлар камаймаяпти. Ачинарлиси, бу ҳолат инсонлар ўлимига сабаб бўляпти. Омматан бунга ички ишлар идораларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларини ҳам айбдор санаймиз.
Улар томонидан етарлича иш қилинмаяпти, деган эътирозлар кузатилади. Ҳақиқатда шундайми, буни билишга ҳаракат қилдик. Ва шу мақсадда вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Шавкат Бойхўрозовдан бир нечта саволларимизга жавоб олдик.
- Давлат раҳбари 2022 йил февраль ойида бир ой муддатда вилоят марказларида йўл ҳаракатини бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги концепциялар ишлаб чиқиш топшириғини берганди. Бу борада вилоятимизда қандай ишлар амалга оширилди?
- Топшириқ асосида Самарқанд шаҳрида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракатини ташкил қилишга ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида инвестор томонидан техник воситаларни (интерактив йўл белгилари ва кўрсаткичлари, йўл чизиқлари, электрон таблолар, светофор қурилмалари ва бошқалар) ўрнатиш бўйича таклиф киритилди.
Ҳудудни атрофлича ўрганиш мақсадида жорий йилнинг май-июнь ойларида «Atlas International» компанияси мутахассислари Самарқанд шаҳрига келди.
Ўрганиш натижаларига кўра, 3881 та янги йўл белгилари ва кўрсаткичларини ўрнатиш, 50 километр узунликдаги йўлларда ётиқ йўл чизиқларини чизиш, 54 та чорраҳадаги 504 та транспорт ва 318 та пиёдалар светофор қурилмаларини янгилаш, шунингдек, ягона бошқарув тизимига интеграция қилиш учун светофор объектларига шиша толали кабелларни тортиш бўйича келишувга эришилди.
Самарқанд шаҳрида 16 та кўчанинг умумий узунлиги 56,8 километр йўллари ва 54 та чорраҳани масофадан бошқариладиган ягона тизимга улаш, 3881 та интенсив нур қайтарувчи янги йўл белгилари ўрнатиш, 54 та светофор симларини ер остидан ўтказиш ишлари амалга оширилади.
- Шу ўринда савол туғилади, Самарқанд шаҳридаги светофорларни вилоят ИИБдаги ситуацион марказ орқали бошқаришни йўлга қўйиш учун қандай муаммолар мавжуд? Масалани ҳал қилиш – светофорларни масофадан бошқариш, у ердаги реал ҳолатни кузатиб туришни йўлга қўйиш учун қандай амалий ишлар қилинди? Галдаги режалар қанақа?
- Самарқанд шаҳри кўчаларида тирбандликларнинг олдини олиш, ҳаракатни замонавий ахборот технологиялари ёрдамида бошқариш мақсадида жорий йилнинг май ойида 7 та чорраҳада ўрнатилган светодиодли светофорлар ечиб олинди. Уларнинг ўрнига Германия-Ўзбекистон «Atlas International» хорижий қўшма корхонаси томонидан олиб келинган, Швейцария давлатида ишлаб чиқарилган, янги «СWАРCО» русумли светофор қурилмалари ўрнатилиб, алоҳида имкониятларга эга бошқарув аппаратлари ўрнатилди. Мазкур светофор объектларини кузатиш, бошқариш ва назорат қилиш мақсадида вилоят ИИБ ЙҲХБда ташкил этилган ситуацион марказга уланди.
Келгусида шаҳардаги яна 47 та чорраҳада айни шундай светофорлар ўрнатиш режалаштирилиб, босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
- Самарқанд шаҳрида тирбандликларнинг катта қисми светофорлар ишламай қолиши оқибатида юзага келади. Совуқ тушиши билан ҳар йили кузатиладиган бу ҳолат нега светофорларни муқобил ёқилғи турларига, дейлик, қуёш панеллари, электр энергияси сақловчи қурилмаларга ўтказиш орқали ҳал этилмайди?
- Албатта, бу масала кўриб чиқиляпти. Мисол учун, айни вақтда Фарғона вилоятидаги «Олтиариқ дизайн» хусусий корхонаси билан ҳамкорликда светофор объектини муқобил энергия билан таъминловчи қуёш панелли 24/7 га ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, битта чорраҳадаги светофор объектини муқобил электр энергиясига ўтказиш учун қарийб 24 миллион сўм маблағ талаб этилади.
Бугунги кунда ушбу корхона томонидан Фарғона вилоятида муқобил электр энергияси билан ишловчи светофор синовдан ўтказилмоқда. Ижобий натижалар олингандан сўнг тажриба республика миқёсида жорий этилади.
- Кўчалар, айниқса, халқаро ва давлат аҳамиятидаги йўлларда содир бўлаётган транспорт ҳодисаларининг аксарияти тезликка риоя қилмаслик билан боғлиқ. Бунда автоуловлар тезлигини ўлчаш ва қоидабузарликларни қайд этиш воситалари муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли айни масалада давлат-хусусий шериклиги учун барча имкониятлар яратилди. Бироқ унинг натижаси кўринмаётгандек. Сиз нима дейсиз?
- Вилоятимизда 4097 километр автомобиль йўллари, жумладан, 5 та халқаро аҳамиятдаги 385 километр, 29 та давлат аҳамиятидаги 979 километр ҳамда 202 та маҳаллий типдаги 2733 километр йўллар мавжуд.
Амалдаги тартиб асосида халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларида транспорт воситаларининг тезлигини қайд этувчи 27 та махсус автоматлаштирилган дастурий-техник воситалар (радар) ўрнатилган. Ҳозирги кунда уларнинг 15 таси ишчи ҳолатда, 12 таси эса вилоят ва республика мониторинг марказларига интеграция қилиш жараёнида.
Бундан ташқари, вилоят бўйича қоидабузарликларни қайд этувчи 71 та махсус автоматлаштирилган дастурий-техник воситалар ўрнатилган. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 14 та чорраҳа ва 1 та йўл ёқасида 53 та камера мавжуд.
Мазкур воситаларнинг 32 таси ишчи ҳолатда, 39 таси эса вилоят ва республика мониторинг марказларига интеграция қилиш жараёнида.
- Давлат раҳбари ҳайдовчининг интизомига қараб, уни ўқитган автомактаб фаолиятига баҳо берилишини билдирганди. Бу борада нима янгиликлар амалга оширилди?
Умуман, йўллардаги транспорт ҳодисалари аксарият ҳолларда ҳайдовчиларнинг таълим ва маданияти билан боғлиқлигини ўзингиз ҳам кўп бора таъкидлагансиз. Бироқ ҳайдовчилик гувоҳномаси бериш тизимида ўзгариш кўзга ташланмаяпти. Сайтимизда бу борадаги фирибгарликлар билан боғлиқ хабарлар берилди.
Масъул идора сифатида ўқитиш ва имтиҳон олиш сифатини яхшилаш учун нима ишлар қилиняпти?
- Йил бошидан буён бошқарма ҳамда жойлардаги рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимларининг ходимлари томонидан режа асосида ҳайдовчиларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрловчи таълим муассасаларида 314 марта текширув ўтказилди. Бунда камчиликларга йўл қўйган 96 та ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш вақтинча тўхтатилди.
Хусусан, Самарқанд туманида жойлашган ҳайдовчиликка номзодлардан амалий имтиҳонлар оладиган ЙҲХБ 2-ТРЎ ва ИО бўлинмаси маъмурий ҳудудидаги автодром Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги 272-сонли қарори талаблари даражасида эмаслиги боис талаб асосида тўлиқ қайта жиҳозлангунга қадар имтиҳон олиш тўхтатилган.
Бугунги кунда ҳайдовчиликка номзодлардан инсон омилисиз назарий ва амалий имтиҳон олишни таъминлаш мақсадида Паст Дарғом тумани ҳудудида имтиҳон маркази қурилмоқда. Йил охиригача қадар қурилиш якунланиб, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати мониторинг марказига интеграция қилингандан сўнг фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Ёқубжон Марқаев суҳбатлашди.
***
Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.