Самарқандда йўллардаги ҳалокатлар ўртача 100 минг нафар аҳолига нисбатан 1,7 тадан тўғри келмоқда
Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи, подполковник Аҳмад Жўраев иштирокида ўтган матбуот анжуманида айтилди.
Қайд этилишича, йўл-транспорт ҳодисаларининг 32 таси ёки 55 фоизи пиёдаларни уриб юбориш билан боғлиқ бўлган. Шунингдек, 16 ҳолатда тўқнашув, 7 тасида велосипедчини уриб юбориш қайд этилган.
Жорий йилнинг икки ойида қайд этилган мазкур йўл-транспорт ҳодисалари келиб чиқиш сабабларига кўра, 24 таси белгиланган тезликка риоя қилмаслик, 11 таси йўналишни кескин ўзгартириб юбориш, 9 таси пиёдаларни белгиланган жойдан ўтказмаслик, 7 таси оралиқ масофани сақламаслик оқибатида содир этилган.
Шунингдек, 6 ҳолатда пиёдаларнинг қоидабузарлиги, 4 ҳолатда эса автотранспорт воситаларининг қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлган.
Маълумотларга кўра, вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ отряд инспекторлари 103 та транспорт воситаси билан икки сменада хизмати олиб бормоқда. Ходимларнинг кундалик хизмат фаолияти марказлашган серверга уланган бодикамералар, хизмат транспортларига ўрнатилган JPRS воситалари орқали назорат қилиб борилади.
Йўл ҳаракати иштирокчиларининг қоидабузарликларини аниқлаш, бунда инсон омилини чеклаш мақсадида 29 та онлайн режимида ишлайдиган фоторадар ҳамда 10 та стационар ПДД ускуналари мавжуд.
Айни пайтда Германиядан келтирилган 5 та мобил “ATLAS Кобалт” радарларидан ҳам фойдаланилмоқда. Биргина мазкур восита ёрдамида 59 696 та қоидабузарлик аниқланиб, 1 млрд. 621 млн. 80 минг сўм жарима белгиланган.
Олиб борилган бу каби ишлар ва кучайтирилган рейд тадбирлари натижасида йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайган.
Хусусан, умумий йўл-транспорт ҳодисалари 66 та қайд этилиб, 2021 йилнинг шу давридагидан 81 ёки 56 та кам содир этилган. Бунда 52 нафар шахс тан жароҳати олиб (2021 йилда 125 нафар), 31 нафар шахс (2021 йилда 40 нафар) ҳалок бўлган.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг 12 таси (2021 йилда 24 та) болалар иштирокида юз берган.