Депутатлар йўл ҳаракати соҳасидаги айрим жарималарни камайтирмоқчи

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Депутатлар “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилишди.

Янги қонун лойиҳасида бир неча жарималар микдорини камайтириш назарда тутилган. Масалан, муддати ўтган суғурта полиси ёки унда қайд этилмаган шахснинг автотранспортни бошқарганлиги, суғурта полисига эга бўлмаганлик, паспорт тизими коидаларини бузганлик учун жарималар миқдори икки бараварга (122,5 минг сўм) камайтирилмоқда.

Шунингдек, кодексдаги айрим жавобгарликлар миқдори ҳам бугунги кун талаби ва хавфлилик даражасига мос эмас. Шундан келиб чиқиб, янги қонун лойиҳасида ҳайдовчиларга «bluetooth», қулоқчин ва қўлни банд қилмайдиган бошқа воситалардан фойдаланишга рухсат берилмоқда. Монитор ўрнатганлик учун ҳам жавобгарлик бекор қилиняпти.

Шу билан бирга, транспорт воситасини бошқаришда зарур бўлган ҳужжатлар ҳайдовчи ёнида бўлмаса, унинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжати асосида транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бериладиган бўляпти. Бунда ушбу ҳужжатларнинг мавжудлиги йўл назорати ходими томонидан электрон тизим орқали текширилиши белгиланмоқда.