Бола бир нечта тилни билиши керакми?

Бола, аввало, она тилида гапиришни ўрганади. Кўпинча ота-она унга бу борада ёрдам беради. Икки тилни билиш, шубҳасиз, боланинг ижтимоий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Бола эртакларни, чет эл ёзувчилари асарларини бошқа тилда эшитиши орқали унинг интеллектуал салоҳияти ошади. Бир сўз билан айтганда, икки тиллилик дунёқараш чегараларини кенгайтиради.
Бола ўз фикрини бошқа тилда эркин ифода этиши учун ота-оналар жуда муҳим роль ўйнайди. Мисол учун ота-она болага ётишдан олдин эртак ўқиб бериши фойдали бўлади. Уйқудан олдин эртак ўқиш боланинг тасаввури, нутқи, дунёқарашини ривожлантиради, сўз бойлигини кенгайтириш билан бирга, тил ўрганишга ҳам ёрдам беради.
Агар она биринчи куни боласига она тилида эртак ўқиб берса, эртаси куни ўша эртакни чет тили сўзларидан фойдаланган ҳолда ўқиса, ундан кейинги куни эса бутунлай чет тилида ўқиса, болада чет тилида нутқни яхшироқ тушуниш учун қўшимча имконият пайдо бўлади. Болалар эртаклар ёрдамида янги сўзларни ва умуман тилни ўрганиши анча осонлашади. Зеро, эртаклар кулгили, ҳаяжонли ва ихчамдир. Улар кўпинча болалар учун тушунарли тилда ёзилади.
Чет тилида эртак тинглаш орқали бола нафақат чет тилидан билим олади, балки бошқа давлат ҳақида ҳам кўп нарсаларни ўрганади. Болалар эртакни шунчалик яхши кўрадиларки, агар уларга ҳақиқатан ҳам ёқса, бир хил эртакни бир неча марта завқ билан тинглайдилар. Вақт ўтиши билан болалар ушбу эртакдаги алоҳида сўз ва ибораларни эслаб қолиши мумкин. Бу уларга янги тилни ўзлаштиришини осонлаштиради.
Тил билиш болага кўпроқ имкониятлар эшигини очади, ўз-ўзини ҳурмат қилишни оширади ва ҳоказо. Аммо келажакда унинг муваффақияти бу билимларни қандай қабул қилишига, ўрганиш жараёнида қандай ҳис-туйғуларни бошидан кечиришига боғлиқ бўлади.
Албатта, болага эрта ёшда қўшимча тилларни ўргатиш ёки ўргатмаслик ҳар бир ота-онанинг танлови. Аммо унутмаслик лозимки, бола тарбияси ва илм олиши масаласига ҳар бир ота-она масъулият билан ёндашиши керак.
Ление Халилова,
Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчиси.