Англиядаги ўзбеклар ва инглизлашганларнинг фарқи нималарда кўринади?

Ўзбекликлар билан Англияда туғилиб ўсган ўзбекларда кўпинча қуйидагиларни кузатиш мумкин:
Бирор даврага кириб борсангиз, ўзбеклар саломингизга алик олади, ўрнидан туриб, қўл бериб сўрашади, ҳол-аҳвол сўрайди. "Бу меҳмон ким бўладилар, бизга таништиринг" деб талаб қилади. Инглизлашган ўзбеклар эса алик олиб, яна гапида давом этаверади. У билан ўзингиз бориб кўришасиз, сиз билан унинг иши ҳам бўлмайди.
* * *
Бошқа шаҳардаги ўзбек дўстларингизни кўрмоқчи бўлсангиз ўша куни уйдами-йўқлигини билиш учун телефон қилсангиз бас. Инглизлашганларга эса камида икки ҳафта олдин айтишингиз керак. Катта эҳтимол билан у "узр, бандман" дейди. Агар шаҳарда қолишингиз керак бўлса, қайси меҳмонхонадан жой олишни маслаҳат бериши ҳам мумкин.
* * *
Ўзбеклар иши бошидан ошиб-тошиб ётса ҳам "ўта бандман, вақтим йўқ" демайди. Инглизлашганлар кун бўйи кино кўриб ўтирган бўлса ҳам "ниҳоятда банд эдим" дейди. Улар ҳар доим банд. Ҳеч қачон “ғирт бекорчиман” деб тан олмайди.
* * *
Ўзбекларникига борсангиз, сўрамасдан овқат олиб келади. Инглизлашганлар эса "овқат ейсанми", деб сўрайди. "Йўқ" десангиз, "ростданми", деб қайтаради. "Ростдан" десангиз бўлди, қайтиб сўрамайди.
* * *
Ўзбеклар ҳол-аҳвол сўраганда "ота-онажонгиз яхшими, салом айтинг", дейди. Инглизлашганлар гўё ота-онаси йўқ ва ҳеч қачон бўлмагандек тутади ўзини.
* * *
Чет элдаги ўзбекларнинг ота-онаси келиб, 5-6 ой туриб кетиши оддий ҳол. Инглизлашганлар ота-онасини меҳмон қилишга жуда борса, бир ой чидайди. Бир ҳафтада нафаси қисила бошлайди.
Файзиддин МЎМИНОВ.