Апелляция кенгашининг вазифаси нима? У қандай шакллантирилади?
Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича Апелляция кенгаши тўғрисидаги низомга асосан мазкур кенгашнинг таркиби тегишли давлат органи раҳбарининг қарори билан икки ярим йил муддатга тасдиқланади ҳамда коллегиал-маслаҳат органи ҳисобланади.
Апелляция кенгаши 7 нафардан 11 нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилиши мумкин. Кенгаш аъзолигига амалий тажрибага ва обрў-эътиборга эга давлат органининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбар ва ходимлари, шунингдек, соҳада катта амалий тажриба ёки илмий салоҳиятга эга бўлган обрўли фуқаролар қабул қилинади. Апелляция кенгаши жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал этиш чораларини кўради.
Шунингдек, мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатида турлича талқин этилиши мумкин бўлган нормалар аниқланган. У амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда, уларни белгиланган тартибда ваколатли идоралар орқали расмий шарҳлашни ташкиллаштиради. Мабодо, мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатларидаги бўшлиқлар аниқланса, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритади. Апелляция кенгашининг вазифаларидан кўринадики, ушбу тузилма муайян бир мурожаатни кўриб чиқиши орқали давлат органи фаолиятида мавжуд тизимли хато ва камчиликларга барҳам бериш, ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги бўшлиқлар, зиддиятли ҳолатлар ёки нотўғри амалиётга буткул барҳам бериши мумкин бўлади.
Адлия вазирлиги Апелляция кенгаши ташкил этилаётган давлат органларининг бу борадаги фаолиятини доимий равишда мониторинг қилиб боради ҳамда тизимнинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида уларга яқиндан амалий ва услубий жиҳатдан кўмаклашади.
Хулоса ўрнида, давлат органлари тизимида жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашларининг ташкил этилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиради, низоларни ҳал қилишнинг муқобил имкониятларини кенгайтириш орқали судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда муҳим бўғин ҳисобланади.
Муҳаммаджон СИДДИҚОВ,
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ходими.