Абдулла Қодирий ҳаёти театр саҳнасида намойиш этилади

2018 йил 3 декабрдаги Вазирлар Маҳкамасининг “Буюк ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий ижодининг улкан аҳамиятини инобатга олиб, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат, аждодларимизнинг маънавий мероси билан фахрланиш ва ифтихор туйғуларини юксалтириш ҳамда ёзувчи таваллудининг 125 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги фармойишида Республикамиз театрларида адиб асарлари асосида спектакллар саҳналаштирилиши белгиланганди.
Фармойишга кўра, Самарқанд вилояти мусиқали драма театрида “Абдулла Қодирий” спектакли саҳналаштирилмоқда.
Асарда А.Қодирий (Жўлқунбой) Тошкент шаҳрининг Бешёғоч даҳасида боғбон оиласида дунёга келиши, отаси Қодир бобонинг савдо ишларидан кейинчалик кексайгач боғбонлик билан шуғулланганлиги, унинг болалик йиллари, ҳаёти, ижоди ўз ифодасини топган.
А.Қодирий ёшлигини шундай эслайди: “Бошда бой оилада туғилишимми ёки камбағал оиладами, бунисини билмайман, аммо ёшим 7-8 га етгач, қорним ошга тўймаганидан аниқ билдимки, беш жоннинг томоғи фақат 80 ёшлик бир чол отамнинг меҳнатидан, яъни боғнинг ёзда етиштириб берадиган ҳосилидан келар эди. Агар баҳор ёмон келиб, боғ мевалар офатга учраб қолса, биз ҳам очликка дуч келиб, қиши билан жавраб чиқар эканмиз”. Асарда А.Қодирийнинг ҳаётига оид лавҳалар ҳам саҳналаштирилган.
“Абдулла Қодирий” спектаклида Самарқанд вилояти мусиқали драма театрининг истеъдодли актёрлари билан бир қаторда Самарқанд ихтисослашган санъат мактаби ўқитувчи ва талабалари ҳам иштирок этади.