АҚШ даромадидан 35 фоизи, Европа Иттифоқи давлатлари даромадининг 45 фоизи интеллектуал мулк объектларидан фойдаланиш натижасида олинади. Бизда-чи?
Жамоатчилик ўртасида интеллектуал мулк ҳақида кўп гапирилади, уни тушунишда айрим чалкашликлар ҳам бор. Интеллектуал мулк - бу инсон тафаккури билан яратилган ихтиролар ва асарлар, яъни номоддий неъматлардир. Интеллектуал мулк ҳуқуқи шу неъматларни яратиш ва ундан фойдаланишда юзага келадиган муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиб туради.
Интеллектуал мулк патент ҳуқуқи (ихтиро, фойдали модел, саноат намунаси, селекция ютуқлари), товар белгилари (товар келиб чиққан жой, географик номлар, хизмат кўрсатиш белгилари), муаллифлик ҳуқуқи (фан, адабий ва санъат асарлари), турдош ҳуқуқлар (ижролар, фонограммалар, эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилотларнинг дастурлари) орқали муҳоафаза қиланади.
Интеллектуал мулк объектлари бугунги кунда муомалага энг кўп киритиладиган, катта даромад манби бўлган, бутун иқтисодиёни ривожлантириш ва ишлаб чиқариш корхоналарини янги технологиялар кўринишида жиҳозлашга кўмаклашадиган, инсон тафаккурини ўзгартириш ва янги билимлар манбаи бўлгани билан ажралиб туради. Шунга кўра, ҳар қандай ихтиро ва асар аслида мамлакатнинг иқтисодий бойлиги ҳисобланади. Масалан, АҚШ миллий даромадидан 35 фоизга яқини, Европа Иттифоқи давлатларидаромадининг 45 фоизга яқини айнан интеллектуал мулк объектларидан фойдаланиш натижасида олинади. Хўш, бизда-чи?
Келинг, дастлаб бу борадаги қонунчилик меъёрлари ҳақида тўхталайлик.
Интеллектуал мулк, хусусан, муаллифлик ҳуқуқини амалда таъминлашда қонун устуворлигига риоя қилиш муҳим омиллардан ҳисобланади. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 53-моддаси бадиий ижод эркинлиги кафолатлари, интеллектуал мулкнинг қонун билан муҳофаза қилиниши каби нормаларнинг киритилиши орқали бежиз кучайтирилмади.
Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш биз бунёд этаётган демократик, ҳуқуқий ва дунёвий давлатнинг бош мезони эканлиги таъкидланишида катта маъно бор. Ҳақиқатан ҳам, қонун устуворлиги таъминланган давлатда демократик қадриятлар қарор топади, инсон ҳуқуқлари рўёбга чиқади, мустаҳкам ва ишончли бошқарув амалда бўлади.
Бугунги кунда муаллифлик ҳуқуқини муҳофаза қилишга оид кучли қонунчилик асослари ҳам қабул қилинган. Адабиёт, маданият ва санъат соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш, соҳада давлат бошқаруви такомиллаштиришда кейинги йилларда бир қатор янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Мамлакатимизда соҳада самарали ва таъсирчан давлат бошқаруви ташкил этилган. Соҳада давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича жадал ислоҳотлар ҳам амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2022 йил 17 мартдаги “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Адлия вазирлиги зиммасига қўшимча вазифалар юклатилди. Ушбу вазирлик интеллектуал мулк соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат бошқаруви органи сифатида белгиланди.
Шунингдек, юртбошимизнинг 2023 йил 27 июлдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданият ва туризм соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони маданият соҳасида давлат сиёсатини янада чуқурлаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур ҳужжат билан Маданият вазирлиги фаолиятининг устувор йўналишлари алоҳида белгилаб берилди. Улардан бири сифатида маданият соҳасида қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш белгиланди. Бундан кўринадики маданият ва санъат соҳасини ҳуқуқий тартибга соладиган қонунчилик орасида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар ҳам бор. Демак, соҳада қабул қилинган қонунлар, Президент фармонлари ва қарорлари, ҳукумат қарорлари, ваколатли давлат бошқаруви органларининг қарорлари ижросини таъминлаш лозим.
Назаримизда, Маданият вазирлиги тизимида соҳага оид қонунчилик устидан назорат қилувчи инспекция, марказ ёки департамент, улар қандай аталмасин, махсус тузилма ташкил этилиши, унга профессионал, малакали кадрлар ишга олиниши лозим. Бундай тузилманинг бўлиши муаллиф (меросхўр)лар, ижрочилар, фонограмма ишлаб чиқарувчилари ва фильмлар яратувчилари ҳуқуқларига риоя этилишини тизимли мониторинг қилиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, контрафакт маҳсулотлар айланувига чек қўйиш, ҳуқуқбузарликларни тезкор-қидирув тадбирлари орқали аниқлаш ва ўз вақтида чора кўриб бориш имконини беради.
Бу соҳада етарли назоратнинг ўрнатилмагани, қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларнинг ижроси ўз вақтида таъминланмаётгани, айниқса, санъат асарларидан рухсатсиз фойдаланиш, уларни бузиб ижро этиш, шоир, бастакор ва бошқа муаллифларга тегишли ҳақ тўламаслик каби ҳолатларнинг мавжудлиги ачинарли ҳолдир.
Маданият вазирлигига юкланган яна бир йўналиш – бу маданият соҳасида фаолият юритадиган нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлашдир. Маданият соҳасида фаолият юритаётган асосий нодавлат нотижорат ташкилотлар, булар, муаллифлар мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосларда бошқарувчи ташкилотлардир.
Маълумки, қонунчиликка кўра муаллифлар ёки ижрочилар ўз ҳуқуқларини мустақил бошқарадилар. Лекин, бу қийин жараён бўлгани учун ҳуқуқ эгаларининг мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар тузишга рухсат берилган. Олдинлари бундай вазифани давлат ташкилоти бажариб келган. Айни вақтда ушбу вазифа муаллифлар мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарувчи нодавлат ташкилотлар зиммасига ўтган.
Мулкий ҳуқуқларни ишончли бошқаришни йўлга қўйиш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатасини ташкил этиш қўллаб-қувватланди. Фармонга кўра Палата мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарадиган ташкилот ҳисобланади.
Бугунги кунда Палата халқаро доирада эътироф этилмоқда. 2023 йил 1 июнь куни штаб-квартираси Парижда жойлашган Халқаро муаллифлар ва композиторлар жамиятлари конфедерацияси - SIZAK аъзолигига қабул қилинди. Айни вақтда SIZAK 118 та давлатдан 226 та ташкилотни бирлаштирган. 2023 йил июнь ойи ҳолатида SIZAK мусиқа, театр, адабиёт, аудиовизуал асарлар, графика ва тасвирий санъат асарларидаги 5 миллиондан ортиқ муаллифларнинг манфаатларини ифодаламоқда. 2022 йилда SIZAKнинг аъзо ташкилотлари дунё бўйича 9 580 млн евро миқдорида муаллифлик ҳақини йиғди. Палата 10 та давлатнинг 13 та шундай ташкилоти билан халқаро ҳамкорлик шартномалари асосида халқаро фаолият олиб бормоқда. Яъни, бу хорижий давлатларда республикамиз муаллифлари ва улар меросхўрларининг мулкий ҳуқуқлари бир хилда бошқарилмоқда, уларга тегишли муаллифлик ҳақи йиғилмоқда.
Айни вақтда “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунининг 56-моддасида мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш шартлари ва тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши қайд этилган. 60-моддасида эса “Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади”, деб кўрсатилган бўлса-да, ҳозиргача махсус ваколатли давлат органи белгиланмаган.
Адлия вазирлигига мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш фунцияси қолдирилса-да, Маданият вазирлигига бундай ташкилотларнинг ихтисослашувини таъминлаш, молиявий фаолиятини назорат қилиш, соҳага оид қонунчиликнинг ижросини назорат қилиш бўйича махсус ваколатли давлат орган мақомини бериш тўғри бўлади.
Қабул қилинган соҳага оид барча қонунчилик ҳужжатларида муаллиф ёки фонограммага асари ёхуд ижроси киритилган шахс қонунчиликда белгиланган тартибда ҳамда миқдорларда ҳақ олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Афсуски, бу соҳада етарлича назорат ўрнатилмаган. Ушбу масала ҳатто муқаддас Ислом манбаларида ҳам белгиланган ва амалда таъминланаётганининг гувоҳи бўлиш мумкин. Хусусан, Ислом Фиқҳи Академиясининг Қувайт давлатида ҳижрий 1409йил жумодул аввал ойининг 1/6-кунлари, мелодий 1988 йил 10-15 декабрь кунларида ўтказилган бешинчи давра Конферанциясининг “Маънавий ҳақлар тўғрисидаги” қарорида “Аъзо ва экспертларнинг “Маънавий ҳақлар” борасидаги баҳсларини ўрганиб ҳамда у ҳақдаги мунозараларни эшитгандан сўнг мажлис қуйидагича қарор қабул қилди: Таълиф-муаллифлик, кашфиётчилик ва ихтиро ҳақи шаръий ҳимояланган бўлиб, эгалари (хоҳлаганларидек) тасарруф қилиш ҳақига эга. У ҳақларга тажовуз қилиш жоиз эмасдир!” деб белгиланган.
Бизнингча ижодкорлар, санъаткорлар ва ижрочиларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун қуйидаги муаммолар ечимини топишимизга тўғри келади. Мамлакатимизда яратилган ҳар қандай асар, жумладан санъат асарлари, мумтоз ва ижрочилик намуналарининг ягона репертуар базасини шакллантиришда асарлар ва ижроларни инвентаризация қилиш, асарларни моддий ахборот ташувчи воситаларга ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш керак.
Амалдаги қонунчиликда муаллифларга уларнинг асарларидан фойдаланганда тегишли ҳақ тўлаш тартиби ва энг кам ставкалар (миқдор) кўрсатилган бўлса-да, лекин асар, ижро ва фонограммалардан аксарият фойдаланувчи (кўнгилочар, маданият, санъат муассасалари, фестиваллар, расмий қабуллар доирасида ташкил этилаётган тадбирлар ташкилотчилари, меҳмонхоналар, транспорт хизмати кўрсатувчи ташкилотлар, яъни аэропорт, вокзал, ҳаракатланучи транспорт воситалари, таълим муассасалалари, савдо марказлари ва бошқалар)лар мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар билан лицензия (мажбурий) шартномаси тузмасдан фойдаланиб келмоқда. Ушбу соҳада шартномавий муносабатларни ўрнатиш лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган вазифалар, риоя этилиши лозим бўлган талабларнинг бажарилиши маданият ва санъатнинг халқ ҳаракатига айланиши, ушбу соҳада давлат сиёсатини юритиш орқали маданияти юксак бўлган жамиятни шакллантириш, барча тоифадаги санъат, маданият ходимлари, ижодкорлар ва уларнинг меросхўрлари қонуний манфаатларини таъминлаш орқали уларга муносиб ҳурмат кўрсатиш намунаси ҳисобланади. Ана шунда бизда ҳам АҚШ, , Европа Иттифоқи давлатларидаги каби даромад интеллектуал мулк объектларидан фойдаланиш натижасида олинади.
Бобоқул Тошев,
Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси раиси, юридик фанлар доктори, профессор.