АҚШ Россиядан юборилган ЎСВҚ ускуналаридан фойдаланмасликка қарор қилди

АҚШ ҳукумати Россиядан юборилган “Авента-М” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ўпкани сунъий вентиляция қилиш (ЎСВҚ) ускуналаридан, Санкт-Петербургда содир бўлган ёнғин сабаблари аниқлангунига қадар фойдаланмасликка қарор қилди. Бу ҳақда FEMA фавқулодда вазиятлар агентлиги хабар қилди.

“Апрель ойининг бошида Россия АҚШга тиббий ускуналар юборган эди, шу жумладан, “Авента-М” ўпкани сунъий вентиляция қилиш ускуналарини ҳам. Ўша вақтда Нью-Йорк ва Нью-Жерсида ЎСВҚ ускуналари етишмовчилиги кузатилаётган эди. Шу сабабдан ҳам ускуналар ушбу икки штатнинг омборхоналарига жўнатилди”, дейилган маълумотда.

Агентлик тақдим этган маълумотга кўра, коронавирус билан боғлиқ бўлган вазият барқарорлашган, ускуналардан фойдаланишга эҳтиёж қолмаган. Бироқ вазият ёмонлашиш эҳтимоли ҳисобга олиниб, улар Нью-Йорк ва Нью-Жерси захирасига олинган.

“Эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда Қўшма Штатлар ускуналарни FEMAга қайтармоқда. Санкт-Петербургда содир бўлган ёнғин сабаблари ўрганилганидан кейин ускуналардан фойдаланиш ёки фойдаланмаслик аниқ бўлади”, дея таъкидланган агентлик тақдим этган баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, 12 май куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида коронавирус инфекцияси қайд этилган беморлар даволанаётган касалхонада ёнғин содир бўлди. Ёнғин ЎСВҚ ускуналарининг бирида юз берган қисқа туташув оқибатида содир бўлган бўлиши мукинлиги айтилмоқда.