АҚШ Хитойдаги уйғурлар геноцидини тан олишга тайёрланмоқда
АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти, Хитойдаги мусулмон-уйғурларига қарши олиб борилаётган сиёсатни “геноцид” атамаси билан номлаш эҳтимолини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Politico нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, айни вақтда атамани қўллаш масаласи Давлат департаменти, ички хавфсизлик вазирлиги ва Миллий хавфсизлик кенгаши ишчи гуруҳларида кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, Вашингтон Пекинни инсониятга қарши жиноятда ёки этник тозалашда айблаш эҳтимоли ҳам ўрганилмоқда. Бу ҳолат шусиз ҳам зиддиятли бўлиб турган икки мамлакат алоқаларига жиддий зиён етказади. Америка расмийлари илгари бундай йўл тутишдан қочишга ҳаракат қилар эдилар, сабаби бундай ҳолат мамлакатнинг ички муаммоларига АҚШ аралашувини англатади.
Бир муддат илгари бир гуруҳ уйғур мигрантлари Хитой ҳукуматига қарши Халқаро жиноят судига, инсониятга қарши содир этилган жиноят ва геноцидни тан олинишини талаб қилиб мурожаат қилган эди. Хусусан, сўз Тожикистон ва Камбожиядаги минглаб уйғурларни Хитойга қайтаришга уриниш ҳақида борган. Адвокатлар тақдим этган 80 варақли аризада, мигрантларнинг фикрига кўра мусулмонларга қарши уюштирилган жиноятга алоқадор бўлган 30 дан ортиқ Хитой амалдорлари кўрсатилган. Рўйхатда Хитой раҳбари Си Цзинпин исми ҳам қайд этилган.