АҚШдан Хитой, Канада ва Мексикага қарши тариф уруши. Эрон суяк тўқимасини тез тикловчи паста яратди

🔹 Европа Украина учун қурол сотиб олишга 150 миллиард евро сарфламоқчи. Шунингдек, ЕК Европа мамлакатларида мудофаа харажатларини оширишни таклиф қилади. Хуллас, Трамп қитъада Америка иштирокини чекласа, Европа Украинани босқиндан ҳимоя қилишда фаоллашмоқда.

🔹 Ҳиндистондан Қозоғистонга “Шимол-Жануб” йўлаги бўйлаб биринчи контейнер поезди қатнови йўлга қўйилди. Йўналиш Эрон, Туркманистон, Ўзбекистон орқали ўтади.

🔹 АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаменти раҳбари, миллиардер Илон Маск Украина президенти Владимир Зеленскийни истеъфога чиқиш ва мамлакатни тарк этиб, нейтрал давлатга ўтишга чақирди.

🔹 Трамп Хитой, Канада ва Мексикага қарши тариф урушини бошлади. Импорт божларининг ошиши кучга кирди. Янги тарифлар кучга кирганидан бир неча дақиқа ўтиб, Хитой жавоб чораларини эълон қилди. Хитой ҳам Америка маҳсулотларига қўшимча божлар жорий этиш орқали жавоб берди. Шунингдек, Канада ҳам жавоб тарифларини жорий этмоқчи.

🔹 Украина парламенти раҳбарияти Америка Қўшма Штатлари президенти Доналд Трамп, Конгресс ва америкаликларга мурожаат эълон қилди. Олий Рада сайтида эълон қилинган ҳужжатда таъкидланишича, АҚШнинг Украинани ўз тарихининг энг оғир дамларида қўллаб-қувватлашга қўшган ҳиссаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Олий Рада АҚШга Украина халқи номидан мамлакат мустақиллигини қўллаб-қувватлагани ва ҳарбий ёрдам кўрсатгани учун миннатдорчилик билдирди.

🔹 Ҳиндистон автомобиль ва электроника ишлаб чиқарувчи етакчи мамлакатлардан бирига айланди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Нарендра Моди баёнот берди.

🔹 Эрон фан ва технология университети тадқиқотчиси Меҳри Соҳрабий суяк тўқимасини тиклаш жараёнини тезлаштирадиган биоактив инекция пастасини яратди. Янги инъекция пастаси анъанавий суяк пайвандлаш материаллари камчилиги, операциядан кейинги асоратлар хавфини бартараф қилади.

🔹 Индонезия пойтахтида кучли сув тошқини кузатилмоқда - 200 дан ортиқ уй сув остида.

🔹 Япониянинг Ивате префектурасида салкам бир ҳафтадан бери давом этаётган ўрмон ёнғинлари тахминан 2,6 минг гектар майдонни қамраб олди ва 1,2 мингдан ортиқ одамнинг эвакуация қилинишига олиб келди.