Арчалар махсус технология асосида бошқа жойга кўчирилади
Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий кўчасида экилган 150 туп можжевельник ва игна баргли арчаларни бошқа ҳудудга кўчириш бўйича лойиҳа тайёрланмоқда.
- Айни пайтда арчаларнинг ҳозирги ҳолати ўрганиб чиқилди, - дейди Самарқанд вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Даврон Очилов. – Кўчанинг икки томонидаги чинор дарахтларининг сояси арчаларга тушиб ривожланмаётгани, ҳатто баъзилари ўсишдан тўхтагани кузатилди. Шу сабабдан арчалар “Самарқанд йўлкўклам” давлат унитар корхонасининг махсус техникалари ёрдамида замонавий боғдорчилик технологиялари асосида кавлаб олиниб, Самарқанд шаҳрининг Боғибаланд ҳудудига кўчирилади. Бошқа манзарали дарахтларга тегинилмайди.
Университет хиёбони (Самарқанд давлат университетининг физика факультети биноси олдидан) Мирзо Улуғбек кўчасигача бўлган 1,5 километр масофадаги йўлга келгусида арчалар ўрнида махсус велосипед ва велоролик йўлаги ташкил этилади. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ўриндиқлар ўрнатилиб, савдо шохобчалари фаолияти йўлга қўйилади. Кўчанинг икки томонида жойлашган бинолар миллий ва замонавий кўринишга айлантирилади. Йўлакдаги плиткалар бошқасига алмаштирилади. Хуллас, бу ерда янгича қиёфадаги дам олиш манзили яратилади.
Ҳусан Элтоев.