Армрестлинг: Самарқандлик спортчилар Ўзбекистон чемпионатида биринчи ўринни эгаллади

Самарқандда армрестлинг бўйича Ўзбекистон чемпионати баҳслари бўлиб ўтди.

2000-2004 ҳамда 2008-2010 йилларда туғилган ўғил-қизлар ўртасида ўтказилган мусобақада 9 та вилоят ва Тошкент шаҳри жамоаларидан 350 нафардан ортиқ спортчи иштирок этди.

Мусобақада иштирокчилар ёш тоифалари бўйича белгиланган вазнларда куч синашди.

– Мазкур мусобақада Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган спортчилар терма жамоага сараланиб, нуфузли мусобақаларга саралаб олинади, - дейди мусобақа бош ҳаками Юсуф Қодиров. – Жумладан, жорий йилнинг апрель-май ойларида Дубайда ўтказиладиган Осиё чемпионати ва август-сентябрь ойларида Қозоғистонинг Олмаота шаҳрида жаҳон чемпионати баҳсларида юртимиз шарафини ҳимоя қилади. 

Мусобақа натижасига кўра, умумжамоа ҳисобида самарқандлик спортчилар биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, иккинчи ўрин Тошкент вилояти спортчиларига, учинчи ўрин наманганлик спортчиларга насиб этди.

- Беш йилдан буён армрестлинг билан шуғулланаман, - дейди иштихонлик спортчи Шоҳсанам Улуғмуродова. – Мазкур мусобақада  +70 килограм вазн тоифасида иштирок этиб, 22 карра Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритдим. Фаолиятим давомида икки карра Осиё чемпиони, жаҳон чемпионатида кумуш медаль соҳибаси, халқаро турнирлар совриндори бўлганман. Энди Дубайда ўтказиладиган Осиё ва Қозоғистондаги жаҳон чемпионатида ҳам чемпионлик учун куч синашаман.