Атроф-муҳитни асрашда адолат излаяпсизми, унда сизга суд ёрдам беради

Экология ва атроф-муҳитни асраш айни шу кунларда давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Чунки табиий ресурслардан оқилона фойдаланмаслик, ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, ноқонуний қурилиш ҳамда чиқиндиларни назоратсиз ташлаш каби ҳолатлар нафақат табиат, балки инсон саломатлиги ва экологик хавфсизликка ҳам жиддий таҳдид солмоқда.

Шу сабабли атроф-муҳитга зарар етказилишининг олдини олиш ва етказилган зарарни қоплаш масалалари фуқаролик судларида алоҳида масъулият билан кўриладиган ишлар сирасига киритилган.

Экологик низоларни кўриш тартиби Конституция, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунлар, Ер ва Сув кодекслари, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишга оид қонунлар, шунингдек Фуқаролик ва Фуқаролик процессуал кодекслари билан тартибга солинади. Бу ҳужжатларга мувофиқ, атроф-муҳитга етказилган ҳар қандай зарар миқдорига қараб қопланиши шарт. Мазкур масалалар суд томонидан фуқаролик йўли билан ҳал қилинади. Экологик ҳуқуқбузарликлар кенг жамоат манфаатларига таъсир қилгани учун даъво аризасини зарар кўрган фуқаролар ва корхоналар, экологик жамоат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимият, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда прокуратура органлари тақдим этиши мумкин. 2024 йил қабул қилинган қонун ўзгаришлари эса прокурорнинг давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида экологик ишлар бўйича судга мурожаат қилиш ваколатларини янада мустаҳкамлади.

Судга берилган ариза процессуал талабларга мувофиқлиги текширилгандан сўнг иш юритишга қабул қилинади ва Фуқаролик-процессуал кодексида белгиланган тартибда одатда бир ой муддатда кўриб чиқилади. Экологик ишларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, зарар миқдорини аниқлаш кўп ҳолларда махсус экспертизалар, лаборатория таҳлиллари, экологик назорат органлари далолатномалари, санитария хулосалари ва фото-видео материалларга таянишни талаб қилади. Суд барча далилларни ўрганган ҳолда зарарни ундириш, атроф-муҳитни тиклаш чораларини белгилаш, ноқонуний фаолиятни тўхтатиш ёки чеклаш каби қарорлар қабул қилиши мумкин. Суд қарори эса ижро органлари томонидан мажбурий тарзда амалга оширилади.

Экологик ишлар амалиётида бир қатор мураккабликлар ҳам учрайди: зарарнинг узоқ муддатда намоён бўлиши, аниқ ҳисоб-китоблар учун махсус методикалар талаб этилиши, айбдор шахсни аниқлашнинг қийинлиги ва жамоат манфаатларини ҳам инобатга олиш... Айниқса, бугунги кунда ҳаво ифлосланиши, сув танқислиги, чиқиндиларнинг кўпайиши ва иқлим ўзгариши шароитида бундай ишлар янада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Фуқаролик судлари томонидан экологик низоларнинг ҳал этилиши атроф-муҳитга етказилган зарарнинг қопланиши, табиатни муҳофаза қилиш қонунларининг амалда самарали ишлаши, корхоналарнинг экологик масъулияти ошиши ва фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига хизмат қилади. Энг муҳими, бу жараёнлар давлатнинг экологик хавфсизликни таъминлаш сиёсати ва барқарор келажакни яратиш мақсадларига тўла мос келади. Шу боис экологик ишлар бўйича суд назорати табиатни тиклаш, ноқонуний фаолиятни чеклаш ва келажак авлод учун тоза ва соғлом муҳит қолдиришга қаратилган муҳим ижтимоий механизм сифатида аҳамият касб этмоқда.

Ваҳоб Асқаров,

 Самарқанд вилояти суди судьяси.

 Шуҳрат Турдиалиев,

 фуқаролик ишлари бўйича Паст Дарғом туман суди раиси.