Автомобиллар сонининг ошиши муаммолар келтириб чиқаряпти(ми)?

Бир неча йил илгари Андижон вилоятига борганимда йўл четидан турнақатор бўлиб велосипед миниб кетаётган отахонларни кўриб, ҳайрон қолгандим. Избосканлик дўстим Аҳмадалига “Қариялар ўртасида велоспорт мусобақаси бўляптими” деб сўраганимда, ”Йўғ-ей, нималар деяпсиз, тўйга ёки бозор-ўчарга бораётгандир-да, бизда кўпчилик шундай юришади,” деб қўшиб қўйди.
Дарҳақиқат, автомобиль йўлининг икки томонида пиёдалар ва велойўлаклар қурилган бўлиб, нафақат эркаклар, велосипед ҳайдаб кетаётган хотин-қизларни, пиёда кетаётган кекса отахону онахонларни ҳам учратдик. Тан олиш керак, бунақа манзара Самарқандда учрамайди.
Хўш, нега кўрмаяпмиз, деган савол пайдо бўлиши табиий?
Чунки бизда пиёдалар учун ёки велосипедда бемалол ҳаракатланиш учун шарт-шароит етарли эмас. Тўғри, “Саломатлик йўлаклари” бор, лекин улардан фақатгина машиналар тўхташ жойи сифатида фойдаланиб келамиз. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги Рудакий, Амир Темур, Мирзо Улугбек, Буюк Ипак йўли, Нарпай кўчаларида, тўйхона, ресторан ва савдо дўконлари ёнида йўлакларда қаторлашиб турган енгил машиналарни кўришимиз мумкин. Уларни пиёдалар ҳам айланиб ўтишга мажбур бўлади.
Бугунги кунда юртимизда аҳоли кўпайиб боргани сайин автотранспорт воситаларининг сони ҳам ошмоқда. Маълумотларга кўра, сўнгги ўн йилда вилоятимизда транспорт воситалари сони 5 баравар кўпайган. Шунга мос равишда транспорт инфратузилмаси ҳам ривожланмоқда. Самарқанд шаҳрида замонавий автобус ва электробус, трамвайлар олиб келиниб, янги йўл ва кўприклар барпо этилиб, ерусти метросини қуриш режалаштирилмоқда.
Жорий йилда қарийб 100 минг аҳолининг транспорт хизмати яхшиланиб, уларнинг транспортга кетадиган вақти ўртача 15-20 минутга қисқарди. Лекин шаҳримиз кўчаларида юкламалар кўп, йўл ҳаракатини тартибга солишда камчиликлар етарли. Транспорт воситалари тирбандлиги йилдан-йилга ортиб бораётир.
Шаҳримизда юздан ортиқ чорраҳа бўлиб, уларнинг тенг ярмида транспорт воситаларини ўтказиш даражаси паст. Автомобиль тўхташ жойлари етишмаслиги сабабли йўлнинг биринчи қаторида машиналар йиғилиб, қатновга халақит бермоқда. Ҳайдовчилар учун йўл белгилари ва кўрсаткичлари ҳам етишмайди. Пиёдалар ва велосипедлар ҳаракати учун ноқулайликлар жуда кўп.
- Тирбандлик кўп кузатилаётган йўлларнинг бир қисмини жамоат транспорти учун ажратиш, марказий кўчаларда автомобиль сақловчи паркоматлар ташкил этиш керак, - дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Ҳақберди Нарзуллаев. - Пиёдалар ва велосипед йўлакчалари, айниқса, кўзи ожиз ногиронлар учун ҳам йўлаклар қурилса мақсадга мувофиқ бўларди. Тўғри, айрим хиёбонларда ногиронлар учун йўлаклар бор. Лекин уларнинг сони кам.
- Шахсий автомобиллар ва йўловчилар сони тобора ортиб бораётгани боис транспорт масаласи шаҳримизнинг энг оғриқли муаммоларидан бирига айланди, - дейди вилоят транспорт бошқармаси етакчи мутахассиси Шерзод Халилов. - Сўнгги 10-12 йилда автомобиллар сони икки баравар ошгани, боз устига, жамоат транспорти йўналиш тармоқлари ўтган асрнинг 80-йилларида тузилгани, аммо шу вақтга қадар мукаммал тарзда қайта кўриб чиқилмагани оқибатида шаҳар жамоат транспорти тизимида жиддий муаммолар юзага келди.
Дарҳақиқат, шаҳарга кунлик кириб-чиқишларни инобатга олсак, жамоат транспорти хизматини ривожлантириш нақадар муҳим эканлигини англаш қийин эмас. Машина қанча кўп бўлса, тирбандликни келтириб чиқаради. Тирбандликни эса фақат жамоат транспорти сонини кўпайтириш орқали бартараф қилиш мумкин.
Ўзбекистонда атмосферага жами зарарли ташламаларнинг 58 фоизи (1,4 миллион тонна) автотранспортлар улушига тўғри келади. Уларнинг йилдан-йилга кўпайиб бораётганини муаммонинг нақадар жиддий тус олаётганини кўрсатади.
Мунтазам ўтказилиб келинаётган «Тоза ҳаво» тадбирларида автотранспорт воситаларининг 2,7 фоизида ишлатилган газларининг ифлослантирувчи моддалари миқдори, атмосферага ташланаётган зарарли газлар миқдори меъёрдан ортиқча эканлиги аниқланган.
- Автомобиллар сонининг ортиши, тирбандликлар муаммосини бартараф этиш чораси сифатида йўлларни кенгайтириш самарали ечим эмас, - дейди нафақадаги йўлсоз Алишер Бўлаков. – Шунингдек, муаммолар автобуслар сонини кўпайтирганда ҳам ҳал бўлмайди. Аввало, жамоат транспортини ислоҳ қилиш, уларда ҳаракатланиш бошқа машинада манзилга етиб боришдан тезроқ ва афзалроқ бўлиши лозим. Йўловчилар буни амалда ҳис этиши зарур. Бироқ бугун шаҳар учун энг керакли бўлган жамоат транспортининг хизмат сифатини яхши деб бўлмайди. Автобуслар оралиқ кутиш вақти жуда катта ва ноаниқ, манзилингизга ўз вақтида етиб бора олмайсиз, кўп кутасиз ва тиқилинчда азобланасиз.
Тирбандлик, йўл-транспорт ҳодисалари, жароҳатлар, экологик зарар ва бошқа муаммоларининг асосий ечими – қулай жамоат транспорти, пиёда ёки велосипедда юриш, бизнингча.
Дилмурод Тўхтаев.