“Автойўл”нинг монополияси бекор қилинади: — Шавкат Мирзиёев

Президент раҳбарлигидаги йиғилишда республика бўйича мавжуд 3 мингга яқин чорраҳада светофорларнинг “ягона эгаси” йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Энди вилоят ва туман марказларидаги йўл белгилари ва кўрсаткичлари, светофорлар, ёритгичлар ўрнатиш, йўл чизиқлар чизиш, пиёда ўтиш жойларини белгилаш, умуман йўл ҳаракати воситаларини тартибга солишга Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими масъул бўлади.

Соҳадаги корхоналар ҳокимликлардан ҳудудий ЙХҲБларга ўтказилади. Ўтказишдан олдин вилоят ҳокимларига корхоналарни техника билан таъминлаш топширилди.

Шунингдек, 2023 йил якунига қадар ушбу хизматлар учун аутсорсингга ҳам йўл очилади, яъни рақобат бўлади.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига ички ишлар бошлиқлари билан бирга муаммоли жойлар, “авария ўчоқлари”дан келиб чиқиб, уларни бартараф этиш бўйича ойлик ва чораклик манзилли дастурларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, йўл белгиларини ишлаб чиқишда “Автойўл”нинг монополияси бекор қилинади ва ушбу соҳага тадбиркорлар жалб қилинади.