Айбланувчининг жазоси енгиллаштириладими?
Жиноят ишлари бўйича Пахтачи туман суди раиси А.Акрамовнинг Шамсназар, Чоргўша, Қилтамғали, Добусқалъа маҳаллалари аҳолиси учун ўтказган сайёр қабулида юзга яқин фуқаро иштирок этди.
Қабул чоғида аҳоли бузилган ҳуқуқларини тиклаш, турли идораларга қилган мурожаатларининг ечими, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган ёки бошқа жазолар тайинланган шахсларнинг жазосини енгиллаштириш масалалари юзасидан мурожаат қилди.
Жумладан, туман судининг 2018 йил 29 майдаги ҳукми билан икки йил ахлоқ тузатиш жазоси олган Н.Пўлатов қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлганлигини билдириб, оилавий аҳволини ҳисобга олиб жазо муддатини қисқартиришни сўради.
– Қонунчилигимизда мазкур ҳолатда фуқарога енгиллик бериш имконияти бор, – дейди А.Акрамов. – Бунинг учун кераккли ҳужжатларни тайёрлаб судга мурожаат қилса, масалани кўриб чиқиб, ижобий ҳал қилишни тушунтирдик. Бу каби сайёр қабуллар фуқароларнинг суд идораларига мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш билан бирга ўзимизнинг вақтимизни тежаш ва ишимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.