Аёлларнинг жони қирқта эмас экан…

У кишининг палатаси эшиги олдидаги ҳолат беихтиёр эътиборимни тортди. Врачлар хонага кирмасдан ташқарида безовтароқ туришарди.

Укахоним озроқ тин олиб, гап бошлади: «…аёли бу кишини операцияга кузатиб, уйига сўлибгина кириб борибди ва ўша кеч омонатини топширибди».

 Муҳаммад Бобур домланинг ҳикояси даврадаги кўпчиликни энтиктирди:

- Юртимизда ишлаб чиқарилаётган енгил машиналар хорижнинг манаман деган уловидан қолишмайди. Тулпордан кўркам, шамолдан тез, кўшкдан шинам.

Танишларимиздан бири ҳам ҳалолдан пул топиб, “Малибу”сини минибди. Буюрсин, бу киши машинага, машина бу кишига ярашади. Ўзлари андак кексайган бўлса-да, кўнгиллари тойдай. Шу одам денг, аёлини ёнига олиб сафарга чиқибди. Йўллар кафтдек равон, мошин янги, кайфият аъло, газни сал оширганини билмай қолибди. Аввалида “Москвич”нинг газига оёғи ўрганиб қолганидан буни сезмабди. Бир вақт бундоқ экранга назар солса, 150!

Хуллас, завқи келиб, йўлни холи билиб кетаётса, кўзи орқа ўриндиқда бораётган аёлига тушибди. У қанотларини жийирган мусичадай, тутқичга маҳкам тармашиб, йиғлаб бораётган эмиш. Танишимиз таажжубланиб, машинани тўхтатиб сўрабди:

- Ҳой онаси, сенга нима бўлди. Тинчмисан?

Аёли чорсиси билан юз-кўзини артиб, шикаста товушда дебди:

- Ҳеч нарса ҳам бўлгани йўқ, дадажониси. Хаёлимга ёмон бир гумон келиб, шуни зарбига йиғлаб қўйдим.

- Нима экан, у гумон?

- Мошинингиз шамолдан тез кетяпти. Кўзим ён-атрофни бир илғаб, бир илғамаётир. Бу тезликда Худо асрасин бир фалокат бўлса-ю, мен ўлиб қолсам... Бу ёшингизда хизматингизни ким қилади? Келин, келин... Қизни уйи ўзга... Шунга йиғлаяпман.

Танишим айтади, бу гапни тинглаб қотиб қолиб, ўзимни койиган бўлдим. Агарда аёлим “Сиз ўлиб қолсангиз, кексайганимда мен нима қиламан”, деса бу гапи “яшин” бўлмасмиди? Топиб айтган гапига қаранг-а! Булар нима айтса, рост айтади, сўзида ёлғони йўқ. Оғайни, бу ўзбекнинг аёлининг кўпини бошидан сув ўгириб ичсанг ҳам кам экан!

Шундай азизлар, бу ҳақиқатнинг яна бир исботига шаҳар марказий шифохоналаридан бирида гувоҳ бўлган эдим:

- Кўзимни очиб, аввали кўрганим хира шифт бўлди. Сал фурсат ўтиб, саҳни бироз ёришгач, одмигина, сарғич-оқ тусли нотаниш манзара намоёнлашди. Ўртасига оқ шунурга бойланган хира лампочка осилган. Ҳайрон бўлдим, қаердаман? Бунақа шифтли уйимиз йўқ эди-ку! Ёнимга ўгирилмоқ бўлдим, эплай олмадим. Қўл-оёғим бемажолдек эди, шошиб кўз қирим билан алангладим: атрофимда умримда кўрмаган қандайдир аппаратлар, юрак тебранишини кўрсатувчи экран, соатга ўхшаш чиқиллаб турган яна нималардир... Хона дори ҳиди билан димиққан. Шу пайт эшик енгилгина очилиб, оқ халатли икки киши кириб келди. Англадим: шифохонада эканман. Хаёлим тиниқлашиб, хотирлай бошладим, хаста юрагимни операция қилдиргани шифохонага келганим ёдимга тушди. Демак, операциядан кейин ётқизиладиган махсус жойда эканман.

Шифокорларнинг кўнгилни кўтарувчи сўзлари қувват бўлдими, бироз жонландим. Аммо ланж ва карахт эдим. Буни наркоз таъсири билиб, ҳаммаси учун шукур қилдим. Дақиқалар сайин дадиллашаётганимни ҳис эта бошладим. Бўйнимни бемалол қайириб, атрофга қарашга кучим етди. Мендан сал нарида яна бир бемор ётар эди, уйғоқми, ухлоқми, билиб бўлмайди. Кучимни тўплаб унга салом берсам индамади, ё наркозда, ё уйқуда, деб гумонландим.

Эртаси куни анча тиниқлашдим, аёлим, болаларимни кўриб кўнглим ўсди. Мени  реаминациядан бошқа палатага кўчиришди. Қайта-қайта шукур қилдим, юрагим очилгани чин эди. Ёнимдаги ҳамхонам оғирроқ бўлган шекилли, икки кундан сўнг қаршимиздаги алоҳида палатага ўтказилди. Ҳол сўрагани кирдим, таниб суйинди.

Бир кун ўтиб, палатаси эшиги олдидаги ҳолат беихтиёр эътиборимни тортди. Врачлар хонага кирмасдан ташқарида безовтароқ туришар, ёнларида оғир касаллар солиб суриладиган ғилдиракли аравача ҳам ҳозир эди. Ичкаридан ғунғир-ғунғир келаётган товушни танишларимдан кимникигадир ўхшатсам-да, яқинроқ бориб билишимга эшик ёнида турганлар изн бермади. Даволовчи врачим “жойимда хотиржам ётишим зарурлиги”ни эслатиб, қайтарди. Аммо “таниш товуш”ни пойлаб турдим. Алқисса, у таниш психолог укахоним бўлиб, бу ердалигимни билар экан шекилли ҳол сўрашга ўзи кириб келди.

Гап мавриди келиб, сўрадим:

- У киши ҳам танишларингиздан экан-да.

- Йўқ, куёви қадрдоним.

- Ишқилиб, тинчликми? Врачлар...

Укахоним озроқ тин олган бўлиб, ялтираб турган бошидаги саноқлигина соч толаларини оҳиста-оҳиста силаган ҳолда гап бошлади:

- Умрингиз узоқ бўлсин, у кишини ҳам сиз каби яқинда юрагини операция қилишган экан, шундайми? Тақдирни қарангки, аёли бу кишини операцияга кузатиб, уйига сўлибгина кириб борибди ва ўша кеч омонатини топширибди. Айтишларича, эрини ўйлаб кўп сиқилган экан...

Оғир ётган беморга бу совуқ хабарни дабдурустдан етказиш яна бир мусибатга сабаб бўлиши мумкин деган гумонда куёви эмраниб, шу вазифани бажаришимни сўради. “Ҳа” ёки “йўқ” деёлмай озроқ муҳлат сўрадим ва шогирдим бўлган бир йигитга маслаҳат солдим, чунки бундай вазиятга ҳали дуч келмаган эдим.

Хуллас, у айтиб берган бир ривоятдан кўчирма билан ҳузурига кирдим. Ўзимни куёвининг қадрдони сифатида танитиб, ҳол-аҳвол сўраган бўлдим. Суҳбатимиз дард ҳам, шифо ҳам Яратгандан эканлиги, “бемор эмас, куни битган” вафот этиши ҳақида бўлди. Фикрли, шукурли инсон эканлар. Пайтини топиб, дедим:

- Нозик бир хабарим ҳам бор, сизга шуни етказишдан аввал, эшитган бир ривоятни айтиб берсам дедим.

- Қани...

- Қадимда бир оқил ва доно инсон ўтган экан. Пешонасида ёлғиз суюмли фарзанди бор экан. Турмуш ташвишлари билан узоқроқ муддат сафарга кетибди. Соппа-соғ юрган боласи бир кечада касалланиб, оламдан ўтиб қолибди. Қайтиб келганларида бу хабарни етказишга яқинларидан ҳеч ким журъат эта олмабди. Шунда аёллари “болани сўраб қоларлар” деган гумонда салом-аликдан сўнг кўнглини тош қилиб, сўз бошлабди:

- Дадаси, сизга аввал бир савол ва ортидан бир хабар тайёрлаб турган эдим.

- Баҳай, айтинг.

- Агар бир кишидан қарзимиз бўлиб, у сиз йўқлигингизда омонатини сўраб келса ва шу нарса бизда бўлса, топширганимни маъқул билармидингиз?

- Албатта, онажониси, қарз билан жонни бериб қутуламиз.

- Тўрам, шундай бўлди, бир жонни бердик!

- Яъни...

- Ёлғиз фарзандимиз...

...Шу ерга келганимда беморни ҳаяжон босди, титраган бемажол қўллари билан устидаги ёпқични кўксидан суриб, косасидан чиқай деб турган кўзларини шиддат билан менга тикди:

- Ким?

- Ўзингизни қўлга олинг, эркак кишисиз...

- Ким, айтсанг-чи?!

- Аллоҳнинг иродаси экан, аёлингиз...

- Аёлим? Нега, унга нима бўлди? Соппа-соғ одам... Чалкашмадингизми? Куёвимни ўзи қани?..

Остонада турган куёви шошмасдан, саволли назарига юзланиб, бош ирғади ва шикаста товушда:

- Сабр берсин, дадажон, бандалик, - деди.

Бемор ўзини йўқотмади, аммо тошдек қотиб қолди. Сўнг чуқур бир хўрсинди-да, оҳи йиғига кўчиб, шикаста роз айтди:

- Рози бўл онажони, дардимни сенга юклабман. Операцияга кираримда айтган сўзларим нодонлик бўлибди. Розилигингни сўраб, сўз очганимда, гапиргани қўймай “Дадаси, бемор эмас, ажали етган ўлади. Совуқ нафас қилманг, сиздан олдин кетсам-чи” деганингни далда деб билибман. Мендан хавфсираб, ўрнимга... Э воҳ, мен нотавон лоақал тобутингни кўтаришга ярамапман-а! Сендан розиман, мендан рози бўл, онажони...

Сўнг товуш чиқармай, бўлкиллаб узоқ йиғлади. Ўзини йўқотмай дардли йиғлади. Икки чаккасидан ёш томчилари бўйнига оқиб, селоб йиғлади. Мен дош беролмай, билакларини бир сиқдим-да, ташқарига чиқдим.

Суюндик Мустафо Нуротоий.