2025 йилда вилоятда 221 нафар педагог малакадан четлатилди
Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Хўш, педагоглар нима учун малака ошириш курсларидан четлатилади? Бунинг бир қанча сабаблари бор. Масалан, соғлиги туфайли, дарсларга тўлиқ иштирок этолмаса ёки якуний имтиҳондан ўтолмаса малакадан четлатилиши мумкин.
- Жорий йилда умумтаълим мактабларидан 10 435 нафар, мактабгача таълим ташкилотларидан 1263 нафар педагог малака оширган, яъни йиллик режа 100,2 фоизга бажарилган, - дейди вилоят педагогик маҳорат маркази директори Анвар Собиров. - Малакадан четлатилган педагоглар уч ой ичида қайта малака оширишга жалб этилади. Бунда педагогнинг мактабдан оладиган иш ҳақи сақланиб қолинмайди. Аслида малака оширишга жалб этилган ўқитувчиларнинг иш ҳақи уларнинг ўқиши давомида сақланиб қолинади. Малакадан четлатилган педагоглар қайта келиб, марказда ўқиб кетишди.
Бугун вилоят педагогик маҳорат марказида шаффофликни таъминлаш, педагогларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Масалан, марказда тингловчилар келиб-кетиши Fase id тизими орқали назорат қилиб борилмоқда. Замонавий Google sheets хизмати орқали тингловчиларнинг давомати қайд қилинмоқда. Шунингдек, марказга 893,5 миллион сўмлик асбоб-ускуналар, жиҳозлар сотиб олинган.
Бундан ташқари, жорий йилда марказ профессор-ўқитувчилари томонидан 3 та дарслик, 14 та ўқув қўлланма, 5 та электрон қўлланма, 27 та услубий қўлланма, 29 та услубий кўрсатмалар нашр қилинган.
Режага кўра, марказда 2026 йилда 500 ўринли янги бино қурилади ва 1200 ўринли мавжуд бино мукаммал таъмирланади.