Баклашкадан зўр ёстиқ ва кўрпача бўларкан
Журналист ва блогерлар учун “Асака банк” Самарқанд филиали томонидан “Tuft and grass” қўшма корхонасига пресс-тур ташкил этилди.
Самарқанд шаҳрида жойлашган мазкур корхонада бўлган иштирокчилар ажратилган кредит маблағлари нечоғли самара бераётгани, бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнлари қандай кечаётгани билан яқиндан таништирилди.
- Ўтган 2020 йилда мазкур корхонага “Асака банк” томонидан Германиянинг “Коммерсбанк” кредит линияси ҳисобидан 2 миллион 61 минг евро миқдоридаги ҳамда корхонанинг 344 минг евро маблағи жалб этилди, - дея маълумот берди банкнинг корпоратив бошқарувчиси Азимжон Тошмуродов. - Бу маблағлар эвазига Бельгиядан 5 та ускуна олиб келиниб, ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Пресс-турда журналистлар баклашка қипиғидан қай ҳолатда синтетик тола, бахмал матоси, тафтинг учун бирламчи ва синтетик ип, текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёни ва тайёр маҳсулотдан ёстиқ, кўрпача, сунъий қопламали ўт, пол қопламалари тайёрланаётгани билан қизиқди.
- Корхонамизга Бельгиядан олиб келингин 2 та ускунада полестр маҳсулотидан сунъий қопламали ўт ҳамда 3 та ускунада ёстиқ ва кўрпача ишлаб чиқарилмоқда, - дейди “Tuft and grass” қўшма корхонаси директори Жаҳонгир Насруллаев.– Ускуналар ишга тушиши натижасида 60 нафардан ортиқ иш ўрни яратилди. Ҳозирда тайёр маҳсулотларимиз ҳаридоргир бўлиб, ички бозордан ортмаяпти. Маҳсулотимизнинг 30 фоизини Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Авғонистонга экспорт қиляпмиз. Йил охиригача “Асака банк” кредит маблағалари эвазига Бельгиядан яна 3 та қўшимча ускуна олиб келиш режалаштирилган. Бу қўшимча 40 нафарга яқин ёшлар иш билан таъминланади, дегани. Экспорт салоҳиятини ҳам шу орқали оширмоқчимиз. Бизнинг асосий мақсадимиз ички бозорни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш.
Ҳусан Элтоев.