Балиқ боқиб, бойиш мумкинми?
Самарқандда 421 та балиқчилик хўжалиги мавжуд. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 2 минг 72 тонна балиқ етиштирилган.
Жумладан, Паст Дарғом туманидаги “Пўлат балиқ ҳавзаси” фермер хўжалиги томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида 672 тонна наслли балиқ етиштирилган.
Бу ҳақда агроинспекциянинг вилоят бошқармаси томонидан Паст Дарғом туманидаги балиқчилик ва қуёнчилик фермер хўжаликлари фаолиятини ўрганишга бағишланган пресс-турда батафсил маълумот берилди.
- Туман ҳокимлиги томонидан 2010 йилда балиқчилик фаолиятини бошлашимиз учун 4 гектар сув ҳавзаси ажратилди, - дейди “Пўлат балиқ ҳавзаси” фермер хўжалиги раҳбари Тўлқин Жўрамуродов. – Фаолиятимизни икки нафар ишчи билан бошладик ва ”Оқ Амур”, ”Тилапия”, ”Сазан,” “Дўнгпешона”, “Африка қора лаққаси”, “Карп” сингари наслли балиқлар етиштиришга киришдик. Ишларимиз юришиб, 40 гектаргача сув ҳавзасида балиқ боқиб, кластерга айлантирдик. Дастлаб оддий усулда боқилган балиқлардан 3 тоннагача маҳсулот олган бўлсак, бугунги кунда Хитойдан келтирилган ускуналар ёрдамида 1 гектардан 120 тоннагача балиқ оляпмиз. Ҳозир хўжалигимизда 20 нафар ишчи 40 дан зиёд интенсив сув ҳавзаларида ва балиқчилик иссиқхоналарида наслли балиқлар боқмоқда. Жорий йилнинг шу даврига қадар 600 тоннадан ортиқ балиқ етиштирдик ва йил охиригача яна 400 тонна балиқ етиштириш режалаштирилган.
Вилоятда 14 та қуёнчилик хўжалиги мавжуд бўлиб, уларда 5 минг 530 бош қуён парвариш қилинмоқда. Шундан тумандаги “Дарғом Агро Великан” МЧЖда Италиядан келтирилган 300 бош наслли қуён боқилмоқда.
- 2016 йилда ички истеъмол бозорини арзон ва сифатли парҳез гўшт ҳамда қуёнчиликка ихтисослашган қишлоқ хўжалиги корхоналарини наслли қуёнлар билан таъминлаш, уларнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида 12 гектар ер ва 300 миллион сўм субсидия ажратилган эди, - дейди МЧЖ раҳбари Тўлқин Қурбонов. - Италиядан 110 бош “хикол” ва “великан” наслли қуёнлар олиб келдик. Уларни табиий шароитда кўпайтириб, олти йилда 20 мингдан ортиқ наслли қуёнлар фермер ва деҳқон хўжаликларига етказиб берилди. Ҳозирда Бельгия ва Германиядан келтирилган 300 бош наслли, шундан 100 бош "великан" қуёнларини парваришлаяпмиз. Келгуси йилда наслли қуёнларни республикамизнинг барча ҳудудларига импорт қилмоқчимиз.
Фазлиддин Рўзибоев.