Балкондаги гараж ёки Тбилисидаги кўп қаватли уй балконида 27 йил “яшаган” “Жигули»
Бундан роппа-роса 30 йил олдин Тбилисидаги турар-жой биноларидан бири бир кунда шаҳарнинг диққатга сазовор жойига айланди. Эрталаб уйғонган уй аҳолиси тўртинчи қават балконларининг бирида... ҳақиқий машинани кўриб ҳайрон бўлишди.
Воқеа бундай бошланган эди...
1991 йилда Грузиянинг Тбилиси шаҳридаги массивларнинг бирида яшовчи Резо Энукидзе умр бўйи орзу қилган ўша пайтдаги энг нуфузли машиналардан бири кўк "ВАЗ-2106" русумли янги автомашина сотиб олди. Аммо у ўз машинасини ҳайдаб, бирон ёққа саёҳат қилишга муваффақ бўлмади. Биринчи кечадаёқ номаълум кишилар машина ғилдиракларини ўғирлаб кетишди.
Қаттиқ ғазабланган Резо кран чақиртириб, машинани ўзи яшайдиган тўртинчи қаватда жойлашган квартирасининг балконига чиқариб қўйди.
“Бу ерда ўғрилар унга тегина олмайди”, деди Энукидзе қўшниларига. Кейин қўшиб қўйди: “Машина яхши замонлар келгунга қадар шу ерда қолади!”.
Йиллар ўтаверар, “Жигули” эса балконда "яшаш"да давом этарди. Яхши замонлар келишини кутган машина эгаси автомобилини эҳтиёткорлик билан парвариш қилар, уни мунтазам ювиб, тозалаб турарди. Бироқ у ўзининг “Лада”сига янги ғилдиракларни ўрнатишга шошилмасди – бир кун келиб машинани ерга туширганда бу ишни қилишига ишонарди.
Балконида машинаси бўлган уй тобора маҳаллий диққатга сазовор жойга айланди. Кейинчалик Тбилиси, ҳатто Грузия ташқарисида шуҳрат қозонди. BBC, CNN, Euronews каби кўплаб телеканаллар бу машинани суратга олиш учун келарди.
2017 йилда Резо Энукидзе тўсатдан вафот этди. Вафотидан сўнг унинг хотини шаҳар ҳокимиятининг қўйган шартларига қарамай, узоқ вақт машинани ерга туширишни хоҳламади.
Ниҳоят 2018 йилнинг ноябрь ойида у таслим бўлди: автокран деярли қарийб ўттиз йил олдин машинани тўртинчи қаватга кўтаргани каби, “Жигули”ни эҳтиёткорлик билан асфальтга тушириб қўйди.
Шу тарзда Тбилиси 90-йиллар даврининг энг ёрқин диққатга сазовор жойларидан маҳрум бўлди. “Жигули”нинг кейинги тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Юриш масофаси деярли нолга тенг машина автомобиль коллекцияловчиларидан бирининг гаражида турган бўлса ажабмас.
Бу мақола ҳаётимизни кейинга, яхшироқ замонларга қолдирмаслик тўғрисида. Кўпчилигимиз бунинг оқибатини сезмасдан вақти-вақти билан шундай қиламиз. Орамизда бугун ва ҳозирда яшаб олишга журъат этадиганлар кам. Аслида бу ҳам бир санъат. Қолгани эса балконда турган "ВАЗ-2106"га ўхшайди...
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.