Банк мижозга қонун доирасида хизмат кўрсатган, пул кўрсатилган фуқаро номига жўнатилган
Жорий йил 21 июнь куни Zarnews.uz cайтида “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Амир Темур филиали орқали фуқаро Наврўз Абдуллаев ва унинг танишлари томонидан Россиядан асбоб-ускуналар харид қилиш мақсадида Москва шаҳрида ишлаётган Зарнигор Ваҳобовага 20 минг АҚШ доллари юборилганлиги ва бу пуллар изсиз йўқолганлиги тўғрисида мақола чоп этилди. Ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Ҳақиқатан ҳам, Н.Абдуллаев ва унинг яқин танишлари 2021 йил 2-3 февраль кунлари Россия Федерациясига 20 минг АҚШ доллари юбориш мақсадида банкнинг Амир Темур филиалига келган. Банк ходимлари томонидан бир жисмоний шахс номидан бир йўла 20 минг АҚШ доллари миқдорида пул юбориб бўлмаслиги фуқарога тушунтирилган.
Шундан сўнг Н.Абдуллаев икки маротаба ўзининг, бир маротаба турмуш ўртоғи ва бир маротаба таниши номидан банкнинг Амир Темур филиалида “CONTACT” халқаро пул ўтказмаси тизими орқали жами 20 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини Россия Федерацияси ҳудудида истиқомат қилувчи талаб қилинган фуқаро номига жўнатган.
Пул юборувчиларга пул ўтказмасини тасдиқловчи ҳужжатлар расмийлаштирилган ва тақдим қилинган. Ҳужжатлар белгиланган тартибда текширилган, фуқароларнинг шахси аниқланган ва банк амалиёти бажарилган. Пул ўтказмасини олиш учун асос бўлувчи, бошқа шахсларга берилмаслиги керак бўлган махфий код мижозга тақдим қилинган.
“CONTACT” халқаро пул ўтказмалари тизими тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тизим эканлиги банк ҳужжатларида белгиланган ва фуқаролар томонидан мазкур ҳужжат имзоланган. Н.Абдуллаев шартнома шартлари билан тўлиқ танишиб чиққан ҳолда пул маблағларини белгиланган манзил бўйича юборган.
Қабул қилувчига қулайлик туғдириш мақсадида пул маблағлари банклараро тизим орқали Россия Федерациясига манзилсиз тартибда юборилган (яъни, пул жўнатмасини қабул қилувчи фуқаро Россия Федерацияси ҳудудидаги ҳар қандай “CONTACT” халқаро пул ўтказмалари тизимига уланган банк орқали талаб қилинган ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим қилган тақдирда мазкур пул маблағларни олиш имкониятига эга бўлиш имконияти таъминланган).
Мазкур ҳолатда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ мижоз томонидан тақдим қилинган маълумотларга таянган ҳолда мижоз томонидан сўралган манзилга ва фуқарога пул маблағлари жўнатилган, бунинг учун умумреспублика миқёсида тасдиқланган тариф режага асосан комиссия хизмати олинган.
2021 йил 4 февраль куни Н.Абдуллаев банкка мурожаат қилиб, юборилган пул маблағларини манфаатдор шахс олмаганлигини маълум қилган. Банк масъуллари томонидан ҳужжатлар ўрганиб чиқилиб, қабул қилиб олувчи фуқаро томонидан ечиб олинган пул маблағларининг расмийлаштирилиши билан боғлиқ тегишли ҳужжатлар Н.Абдуллаевга танишиб чиқишлик учун тақдим қилинган.
Аммо ушбу ҳужжатлар етарли эмас деб топиб Н.Абдуллаев қўшимча далиллар келтиришни талаб қилиб келмоқда. Лекин бу талабларни (пулларни қайтариб олишлик, Россия Федерацияси ҳудудида фаолият юритаётган ташкилотдан ҳодиса содир бўлган вақтни қайд қилган видеолавҳаларни талаб қилиб олиш тўғрисидаги талаблари) бажариш “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ваколати доирасида бўлмаганлиги сабабли фуқаро Н.Абдуллаевга мазкур ҳолатда тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишлик тавсияси берилган.
Ҳурматли юртдошлар! Сўнгги пайтларда интернет тармоғида турли фирибгарлик схемаларининг ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда халқаро пул ўтказмаларини амалга ошириш чоғида ушбу амалиётга оид маълумотларни бегона шахсларга ошкор қилмасликни сўраб қоламиз.
“Ўзсаноатқурилишбанк” ахборот хизмати.