Банкларнинг иқтисодиётдаги молиявий воситачилик роли қандай оширилади?
Банк тизимини ислоҳ қилиш борасидаги ишларнинг давом эттирилиши муҳим вазифа бўлиб, бу борада республикада банк фаолияти ва бизнес жараёнларини трансформация қилиш доирасида саъй-ҳаракатлар банк тизимида рақобат муҳитини яхшилаш, банкларнинг иқтисодиётдаги молиявий воситачилик ролини ошириш, давлат банкларини трансформация қилиш ва уларнинг фаолиятини тижоратлаштириш ҳамда тизимда хусусий капитал иштирокини кенгайтириш лозим.
Банкларни трансформация қилиш дастурлари етарлича бажарилмаганлиги оқибатида 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига мавжуд 30 та банкнинг 13 таси капиталида салмоқли давлат улуши мавжуд.
Тўлов тизимини ривожлантириш, узлуксиз ва барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида банклараро тўлов тизимининг барча мижозлар учун кечаю кундуз режимида ишлашини таъминлаш бўйича ишларни якунига етказиш, банк карталарига асосланган чакана тўлов инфратузилмасини кенгайтириш, илғор молиявий технологиялар асосида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган масофавий банк хизматларининг турлари ва кўламини оширишга алоҳида эътибор қаратиш талаб қилинади.
Тўлов инфратузилмасининг ягона интеграллашувига эришиш имконини берувчи ҳамда бир монопол тизимнинг мутлақ устун бўлишининг олдини олувчи тизим яратиш вазифаси тўлиқ бажарилмаган.
Маҳаллий ва халқаро банк карталари бўйича ҳисоб-китобларда иштирок этувчи банклар ўртасида ахборот ва технологик алоқа ўрнатишга кўмаклашувчи Миллий банклараро процессинг марказининг ишлаши талаб даражасида эмас, яъни ташкил этилган “Хумо” тўлов тизими тўлақонли рақобатчи сифатида ўзини намоён этмаган.
Йил давомида банк карталаридаги маблағларнинг 32,4 фоизи нақд шаклда ечиб олиниб, бу кўрсаткич ўтган йилдаги 17,4 фоизга нисбатан деярли икки баробарга ортиб кетганлиги Марказий банкнинг “яширин” иқтисодиётни камайтириш борасида фаолияти етарли эмаслигини кўрсатади.
Марказий банк бошқарув раисининг Олий Мажлис Сенатига ҳисоботидан.