Бахт ваъда қилувчи СМСлар ортида нима мақсад бор?
Деярли ҳар куни ижтимоий тармоқларда "Ушбу хабарни 10 та одамга юборинг ва бахтли бўлинг" каби мазмунда тарқатилаётган хабарларга кўзимиз тушади. Энг қизиғи, нафақат ёшлар, балки катта ёшдагилар ҳам бундай хабарларни тарқатишига кўп гувоҳ бўлганмиз.
Хўш, бундай хабарлар кимга ва қандай мақсадлар учун хизмат қилади?
Баъзи маълумотларга кўра, юқоридаги фейк хабарлар дастлаб СМС тарзида оммалашган бўлиб, бу ўз ўрнида алоқа компанияларига иқтисодий жиҳатдан фойдаси бор, дейилади. Кейинчалик ижтимоий тармоқлар ривожлангани сайин бу каби хабарларни тарғиб қилиш ҳам ривожланди.
Аммо мазкур тарғиботга бошқа қарашлар ҳам мавжуд бўлиб, бу маълумотлар тарқатилиши муқаддас ислом динига путур етказиш, одамларни у ёки бу «ҳақиқат»ларга ишонтириш каби мақсадлар хам бор. Масалан, бир хабарда "Муҳаммад с.а.в. 570 йил 20 апрелда Маккада таваллуд топганлар. Ул зот 633 йил 63 ёшда вафот этганлар. Агар, бу СМСни 20 та одамга юборсангиз, ҳамма ниятларингиз рўёбга чиқади, иншааллоҳ, агар беэътибор қолдирсангиз, 20 йилга зулматда қоласиз... Мендан ташқари 10 кишига юборинг ва эртага битта яхши янгилик эшитасиз, иншааллоҳ. Аллоҳ учун эринманг." Мана, ёлғонларга бой хабарларнинг бир кўриниши.
Хабарда ёзилишича, Пайғамбаримиз 633 йил вафот этган экан, ваҳоланки, Муҳаммад с.а.в. 632 йил 8 июнда вафот этган ва бу манбалардан ҳам аён.
Тарқатувчилар (яъни, хабар яратувчиси) бундан ислом динига ишончсизлик оширишни мақсад қилган ва улар мухолифатчилардир, дейди динимиз уламолари. Бу хабар энг оддий, бир қарашда ҳеч қандай ғараз мақсадни кўзламагандай туюлади. Аммо аста-секинлик билан улар тарқатаётган хабарларнинг «хато»лари ҳам, ишончга киришга уриниш ҳам ортиб бориши эҳтимоли катта. Зеро, бугун билиб-билмай бундай хабарларни тарқатаётган ёшлар келгусида бошқа хабарларни ҳам синчиклаб ўқиб-ўқимай, тушунмай, унинг тарқатувчисига айланиб қолиши ҳеч гапмас. Асосий мақсад ҳам шу.
Айниқса, бу каби тарқатилаётган хабарларнинг сўнгги қисмида одамларга бахт ёки яхши янгилик ваъдалари ҳам ислом дини ақидаларига тўғри келмайди. Одамларнинг психологиясига таъсир кўрсатиш, кишини беихтиёр шу хатти-ҳаракатларга ундаш, кейинги шу каби хабарларни тарқатишга тайёрлаш учун қулай бўлиши каби мақсадларни яширган.
Ситора Бахтиёрзода,
СамДЧТИ халқаро журналистика йўналиши талабаси.