“Бахтсиз куёв”даги фожиа бугун йўқ дейсизми?
Тўйлар мавзуси қарийб бир асрдан бери энг кўп муҳокама қилинаётган мавзу. Ўтган асрнинг бошларида зиёлилар ўз мақолаларида тўйлардаги исрофгарчилик ҳақида куйиниб ёзган бўлса, бу масала бугун ҳам долзарблигини йўқотмаган.
Абдулла Қодирийнинг “Бахтсиз куёв” драмасида тўй қиламан деб катта қарз олган Солиҳнинг фожиавий тақдири ёритилган. Ушбу фожианинг сабаби элликбошининг сўзларида очиб берилади: “Ўшал вақтда мен сизға айтдим, бекор исроф қилманг, куёвингиздан кўп оқча сўраманг, юртка обрў қиламан деб, ош-нон беруб, Худо ва расулининг буйруғидан чиқманг, дедим. Сиз менинг сўзимни қулоқға олмадингиз ва шариатга бўйсунмадингиз ва мени беобрў қилдингиз, мана куёвингиз қарздор бўлган экан, мулк-ашёдан ва ширин жондан ажрабдур. Сиз ҳам жонингиздан, ширин қизингиздин ажралдингиз.”
Бу воқеаларга юз йил бўлди. Аммо бу муаммо янада илдиз отди, турмушда юз бераётган фожиаларнинг бош сабабига айланди. “Бахтсиз куёв”даги фожиа бугун йўқ дейсизми? Аслида бу каби ҳолатлар ҳозир ҳам тез-тез учраб турибди. Илмсиз одамларнинг гап-сўзини деб қарз-қаволага данғиллама тўй қилган, сўнг чет мамлакатларга ишлаш учун кетиб, оиласи бағрига қайтмаган қанча инсонлар тақдири бунга мисол.
Илгари тўйдан олдин “маслаҳат оши” деган ихчамгина тадбир бўларди. Унда ёши улуғлар, аҳли илм, оқсоқоллар йиғилиб, тўй кенгашиб олинарди. Бу удум ҳозир ҳам бор. Аммо у бугун шунчаки расмиятчилик учун ўтказилади. Бундан бирор маслаҳат мақсад қилинмайди, аксинча, тўй қилаётган киши икки бор қозон қайнатиб, икки карра харажатга тушади.
Тўйдан кўзланган мақсадлардан бири - келин-куёв оила қурганини эълон қилиш. Ҳозирги кунда бу мақсадга маҳаллага бериладиган ош билан эришилади. Лекин зиёфатга бутун шаҳар ёки қишлоқ аҳлини айтиш шарт эмас. Қўни-қўшни, қариндош-уруғ, дўстлар билан ўтказиш етарли. Аммо тўйларимизда шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, манманлик, исрофдаги мусобақа авжига чиқиб, “У мени айтган, мен ҳам айтишим керак”, каби важларни рўкач қилиб, ўзимизни йўқчилик домига ташлаймиз.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги қўшма қарори билан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низомда тўй-ҳашамларни ўтказувчи шахслар тадбирларни ўтказишдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши шартлиги белгилаб қўйилган эди. Хўш, бунга қай даражада амал қиляпмиз?
- Ҳар бир киши ўз ҳаётини тартибга солса, кераксиз чиқимлардан тийилса, бундан яхши иш йўқ, - дейди Каттақўрғон тумани Мундиён маҳалласи раиси Мухтор Тоҳиров. – Аммо ҳамма ҳам буни тўғри тушунмайди. Шу ўринда маҳалла оқсоқолларининг ўрни муҳим. Хусусан, бизнинг маҳаллада тўй-ҳашамлар, маърака ва маросимларни ўтказиш кенгаши доимий ишлайди. Тўй эгасидан маросимни камчиқим ўтказишни, бошқаларга салбий ўрнак бўлмаслигини қаттиқ талаб қиламиз. Айниқса, спиртли ичимликлар қўйиш, қўша-қўша хонандаларни олиб келишни чеклаганмиз. Дастурхондаги ноз-неъматлар ҳам ўзимиздан чиқади, асосан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан тайёрланади. Бундай тўйлар тартибли, камчиқим ўтади. Тўғри, маҳалламизда ҳар хил шароитдаги хонадонлар бор. Аммо бу тартибга ҳамма бирдек амал қилади.
Албатта, бу каби маҳаллалар, оқсоқолларнинг саъй-ҳаракати таҳсинга лойиқ. Аммо кўп ҳолларда айрим маҳаллаларда ёши улуғ, тажрибали инсонларнинг маслаҳатларига амал қилмай, ўз пулимга ўзим хўжайинман, қабилида иш тутаётганлар кўпчиликка ёмон ибрат бўлаётгани ачинарли.
Аслида тўйларни қарор ёки қонун билан тартибга солиш мушкул иш. Аввало, одамларнинг ўзи ортиқча чиқим, дабдадан тийилиши, амалдорлар, бой бадавлат ва таниқли шахслар ихчам тўй борасида ўрнак бўлса, яна ҳам яхши бўларди.
Сулаймон Мардиев.