Беҳбудий нега Ҳажга отланган эди?

2-мақола

Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” асари қаҳрамони Анвар мирзолик вазифасида ишларди. Фитрат, Айний, Қодирий, Чўлпон сингари ёшларнинг устози Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам иш фаолиятини мирзоликдан бошлаган. Ўқиб-ўрганишга бўлган иқтидори туфайли ўз даврининг юксак эътиборли лавозими - муфтилик рутбасига эришди.

Албатта, бундай лавозим соҳиби ўз фаолияти давомида халқнинг барча қатламлари вакиллари билан мулоқотда бўлади, демакки, жамиятнинг кичик масалаларидан йирик муаммоларигача дуч келади, уларни қиёслаш, хулоса чиқариш ва ечим нимада эканлиги тўғрисида фикрлаш имконига эга эди.

Маҳмудхўжа мирзолик пайтидан бошлаб, чор Россиясининг маҳаллий халқ учун йўриқномаси – “Туркистон вилоятининг газети”ни ўқиб борар, оқпошшо ва унинг сиёсатини кузатарди. Лекин дунёқарашининг кенгайишида чор Россияси ҳудудида жадидчилик ҳаракатига асос солган машҳур маърифатпарвар Исмоилбек Гаспирали муҳаррирлигида  чоп этилган  “Таржимон” газетасининг ўрни алоҳида эканлигини Беҳбудий ҳам, уни билган инсонлар ҳам таъкидлашган.

Халқимизда дунёни англаш учун кўп ўқиш ёки дунё кезиш кераклиги ҳақида нақл бор. Беҳбудий нафақат ўқиди, балки иккинчисини ҳам амалга оширди. 

 “1318 санаи ҳижрияси тавофи Байтуллоға Кафказ йўли ила Истанбул ва Миср ал-Қоҳира воситасила бориб эдим. Муддати сафарим саккиз ойдан зиёда чўзилуб эди” (Маҳмудхўжа Беҳбудий. Қасди сафар // “Ойина” журнали, 1914 йил, 31-сон).

Беҳбудий ҳаёти ва ижодини ўрганган тадқиқотчи олимлар ана шу даврни юзакироқ ёритадилар назаримизда. Ҳолбуки, Ҳожи Муиннинг большевиклар замонасидаги ёзишмаларида бироз бўлса-да, эҳтиёткорлик мавжудлигини таъкидлаш жоиз. Унинг фикрича, Беҳбудий 3-4 ёшда бўлган биринчи (тўнғич) ўғли нобуд бўлгани учун қайғуга ботиб, биринчидан, қайғусини унутиш, иккинчидан, ҳаж амалини адо этиш мақсади билан 1317(1899) йилда ўзининг бухоролик дўсти Ҳожи Бақо билан сафарга чиққанини таъкидлаб, “Бу муборак сафар Беҳбудийға анчагина ибрат ва интибоҳ (огоҳлик, ғафлатдан уйғониш – Ҳ.С.) берди”, дея хулоса чиқаради.

Аслида эса унинг сафарига бошқа сабаблар ҳам бор эди. Аввало, 1898 йилги Дукчи эшон номини олган Андижон қўзғолонининг оқибати Маҳмудхўжани чуқур қайғуга ботиради. Беҳбудий жараённи ҳар томонлама таҳлил этади, махсус тайёргарликсиз тиш-тирноғигача қуролланган зулмкор қўлидан ўттиз йил давомида ҳам маънан, ҳам моддий жиҳатдан оч-наҳор қулга айлантирилган оломон дунёқараши билан озодликка чиқиш мутлақо мумкин эмаслигини англаб етади. Негаки, Беҳбудий мақоласида ёзганидек “...Туркистон, билхосса, Самарқанд бутун дунёдан хабарсиз, қоронғу бир зиндон каби эди. Халқ нодон, уламо мутаассиб, ҳукумат ниҳоят даражада ғадбир (алдамчи, бераҳм – Ҳ.С.) ва золим, маишати бузуқ, ахлоқи фасод... эди”.

Европанинг исканжасида қолган Шарқнинг бошқа давлатлари аҳволидан хабардор бўлиш, уларнинг озодлик йўлидаги ҳаракатларини ўрганиш ва табиийки, ҳаж фурсатида Аллоҳдан ўз халқига ҳуррият сўраш сафарнинг асосий сабаби эди.

Биз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳалок бўлгани эълон қилинган пайтдаги илк мақолалардан ҳам фикримизга асос топдик. Муборак ҳаж сафари аҳамияти ҳақида унинг бошқа шогирди Садриддин Айний шундай ёзади: “1318-санаи ҳижрияда Ҳижозға сафар қилуб, Истанбул ва Арабистонни зиёрат ва ҳажи исломни адо қилғон. Ҳижоз сафари Маҳмудхўжаға кўб билмайтурғон нарсаларини ўргатган, кўб ибратлар олғон. Бориш-келишда ҳар синф кишилар билан кўрушган ва фикр олишган. Маҳмудхўжа Ҳижоз сафаридан сўнгра гўё дунёға янги келгандек бўлуб,  Туркистоннинг илмий ва ижтимоий ишлариға бошқа кўз, бошқа бир ўлчак билан қарағон” (Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратларининг қисқача таржимаи ҳоли // «Меҳнаткашлар товуши» газетаси, 1920 йил 8 апрель).

“Ҳижоз сафаридан сўнгра гўё дунёға янги келгандек” ўхшатиши ҳар бир ҳожига муносиб кўрилиши мумкин, бироқ “Туркистоннинг илмий ва ижтимоий ишлариға бошқа кўз, бошқа бир ўлчак билан қарағон”ини барчага бирдек қўллаб бўлмаслиги кундек аён. Қолаверса, дунёқарашининг кенгайиши ва фикрининг ўзгаришига у кўрган мамлакатлар аҳволи, сафар давомидаги воқеа-ҳодисалар, қўлга киритган маълумотлар, гурунглар, таассуротлар ҳам катта рол ўйнаган.

Беҳбудий сафардан қайтгач, Садриддин Айнийнинг таъкидлашича, Туркистондаги қоронғу муҳит сабаб нима қилишни билмай “неча вақт иккиланиб юрган”.

Сиртдан бошқаларга иккиланиш бўлиб кўринган фурсат, Ҳожи Муин фикрича, Беҳбудий томонидан келгусидаги ҳаракатлар учун тайёргарликка сарфланган. Қисқартирилган иқтибосларга эътибор қаратамиз: “Бориш-келишда йўлда Истанбул, Миср каби шаҳарларға кириб, ундаги баъзи эски-янги мактабларни, айнуқса, Мисрдағи “Жомеъ ал-Азҳар”ни зиёрат этди. Қайтишда Миср ва Истанбулдан турлик газета ва янги китоблар олиб келди... илмий, фанний китобларнинг мутолааси билан маълумотини кенгайтура берди... Беҳбудий афанди ҳаж сафаридан келгандан сўнг Ҳўқандбой Абдухолиқ ўғли деган самарқандлик бир зиёли билан танишиб, унинг илм ва фикридан истифода этади. Фанний ва фалсафий масалаларда у билан муколама қилиб, маълумотини кўпайтурди. Бошқа ёқдан, ўшал вақтдағи газета ўқуғувчилардан соатчи Бадриддин билан танишиб, бунинг билан ҳар куни деярлик кўрушди ва фикр олишди” (Ҳожи Муин. Маҳмудхўжа Беҳбудий//“Учқун” журнали, 1923 йил, 1-сон).

Баъзи тадқиқотчилар эътибор бермаган бу фурсатда Беҳбудий озодлик учун кураш йўлларини қидирди. Дунё тарихини, ўз ўтмишимизни, унинг энг ёрқин саҳифаларини варақлади. Боболаримизнинг дунё илми, маданиятига қўшган ҳиссасидан, улар қуриб кетган мадрасаю миноралардан ҳайратланди. Ўз даврининг ҳам диний, ҳам дунёвий илмларини пухта ўрганди. Жаҳонда бўлаётган воқеа-ҳодисалар, жумладан, урушлар ва уларнинг сабаби, моҳиятини миллат манфаати нуқтаи назаридан тафаккур чиғириғидан ўтказди. Шу билан бирга тарихимизнинг таназзул босқичлари, сабабларини тафтиш қилди, бу масалалар борасида Ҳожи Бақо, Ҳўқандбой Абдухолиқ ўғли, соатчи Бадриддин сингари дунёқараши кенг инсонлар билан мунозара ўтказди. Ана шу баҳслар, фикр алмашувлар натижасида хулосалар чиқариб, келгуси режаларини ишлаб чиқди.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 1903–1904 йилларда Москва, Петербургга, 1906 йилда Қозон, Уфа, Нижний Новгородга турли мақсаддаги саёҳатлари, Фарғона водийсида бўлиб, зиёли инсонлар билан фикр алмашиши ҳам унинг режалари пухта бўлишига катта замин яратди.

Ҳалим САИДОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

(Давоми бор)