Беш нафар ҳоким ва ўринбосарига интизомий чора кўрилди
![](https://static.zarnews.uz/crop/6/8/720__80_686cb192fbaddfce4758403a923ace6f.jpg?img=self&v=1589091958)
397 банддан иборат 628 та топшириқ Президентимизнинг 2017 йил ва 2018 йилнинг 17-18 март кунлари вилоятимизга ташрифлари давомида берилган бўлиб, 2018 йил 1 ноябрь ҳолатида ижро муддати келган 419 та топшириқлардан 409 тасининг бажарилиши таъминланган.
Ижро муддати яқинлашаётган топшириқлар бўйича мутасадди ташкилот ва муассаса раҳбарларига доимий равишда эслатма ва огоҳлантирув хатлари юборилиб, уларнинг масъулиятини ошириш чоралари кўрилмоқда.
Бевосита вилоят прокуратураси томонидан кўрсатилган амалий ёрдам жараёнида кўп қаватли уй-жойларни таъмирлашга 2 млрд. сўм, давлат-хусусий шерикчилик шаклидаги мактабгача таълим муассасасаларини ташкил этишга 3,05 млрд. сўм имтиёзли кредит маблағлари ва ер майдонлари ажратилишига кўмаклашилди.
Таъмирталаб аҳволга келиб қолган “Саҳоват” ва “Мурувват” интернат уйларини таъмирлаш 2018 йил инвестиция дастурига киритилиши таъминланди.
Кўплаб бизнес-лойиҳалар коммуникация тармоқларига улаб берилди, объектларни ўз вақтида ишга тушириш мақсадида коммунал соҳа корхоналари томонидан тизимга улаш хизматини кўрсатиш тўғрисида таклиф хатлари юбориш тартиби йўлга қўйилди.
Топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятнинг Самарқанд шаҳар, Булунғур, Жомбой, Ургут, Тайлоқ, Самарқанд, Оқдарё, Иштихон, Пайариқ туманларига борилиб, амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада Ургут туманидаги «Боғишамол» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига 263 млн. сўм, Булунғур туманидаги «Марҳабо Жўшқин» ва «Билағон» мактабгача таълим муассасаларига 650 млн. сўм кредит маблағлари ажратилди. Булунғур туманидаги Фозил Йўлдош кўчасида 700 метр, Дўстлик кўчасида 291 метр асфальт қоплама ётқизилди, “Ўзтрансгаз” вилоят филиалидан 350 нафар фуқарога суюлтирилган газ балонлари етказиб берилди ва бошқа тадбирлар амалга оширилиб, ташриф баёнларига киритилган янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, янги иш ўринлари яратиш, автомобиль йўллари, ўқув муассасаларини реконструкция қилишга доир 10 та топшириқнинг ижроси таъминланди.
Бироқ, айрим ҳолларда топшириқлар ижросига масъул бўлган мансабдор шахслар ва мутахассислар ўзларига юклатилган вазифаларни белгиланган муддатларда, сифатли бажарилишига эътиборсизлик билан қараганликлари оқибатида ижро интизоми бузилиши ҳамда режалаштирилган тадбирларнинг амалга оширилиши кечикишига йўл қўйилган.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги қарорига асосан “Обод қишлоқ” дастурига киритилган маҳаллаларга туташ 53 км. йўлларни таъмирлаш жорий йилнинг 1 октябрига қадар якунланиши лозим эди. Аммо ушбу топшириқ ижросига Самарқанд, Ургут, Нарпай, Пахтачи, Каттақўрғон, Қўшработ ва Иштихон туманлари йўллардан фойдаланиш унитар корхоналари раҳбарлари масъулиятсизлик билан ёндашгани оқибатида белгиланган ишлар ўз муддатида бажарилмади. Натижада уларга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида ишлар қўзғатилди.
Президент ҳужжатлари ва топшириқларини ўз вақтида бажармаган 5 нафар туман ҳокимлари ва ўринбосарлари, шунингдек, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Мактабгача таълим, “Ўзбекэнерго”, “Сувоқова”, Бандликка кўмаклашиш, Соғлиқни сақлаш ва Ўрмон хўжалиги бошқармалари, тижорат банкларининг вилоят ва туман ҳудудий бўлимлари, Ҳунармандлар уюшмаси, Ирригация тармоғининг раҳбар ва масъул ходимлари, жами 58 нафар мансабдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилди. 17 нафарига қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирувлар эълон қилиниб, қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида вилоят ҳокимига тақдимнома киритилди.
Шу ўринда айрим мансабдор шахсларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 октябрдаги “Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларини эслатиб қўйишни жоиз деб биламиз. Мазкур қарор талабларига кўра, Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органларига вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқларининг самарали ижро этилиши юзасидан тегишли прокурор назоратини таъминлаш ҳамда уларни тўлиқ бўлмаган ҳолда ва кечиктириб бажарган шахсларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари кўрилиши белгиланган.
М.БАХРИТДИНОВ, вилоят прокуратураси бўлими бошлиғи.