Туркия 2024 йилда туризм бўйича рекорд ўрнатди: халқаро зиёратчилар мамлакатда ўртача 10,7 кун қолган

Ўзбекистондаги туризм натижалари билан солиштириш ва хулоса қилишга арзийдиган рақамлар...

Туркия 2024 йилда 62 миллион 269 минг 890 сайёҳни қабул қилиб, зиёратчилар сонининг йиллик 9,8 фоиз ўсишига эришган. Бу кўрсаткич билан Туркия 2024 йилда илгари эълон қилинган 60 миллион сайёҳ ва октябрь ойида янгиланган 61 миллион сайёҳ қабул қилиш мақсадини ортда қолдирди.

Бундан ташқари, Туркия туризмдан ўтган йилга нисбатан 8,3 фоизлик ўсиш билан 61,1 миллиард доллар даромад олди.

Европа, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё Туркиянинг энг йирик туристик бозори бўлса, Америка, Ҳиндистон ва Хитой каби ривожланаётган бозорлар 2024 йилда катта ўсишни кўрсатмоқда. Россия, Германия ва Буюк Британия Туркиянинг асосий уч бозори бўлиб қолса-да, ривожланаётган бозорлардан зиёратчилар сонидаги ўсиш АҚШ учун 8,1 фоиз, Хитой учун 65,1 фоиз ва Ҳиндистон учун 20,7 фоиз бўлди.

Туркияга келган халқаро зиёратчилар мамлакатда ўртача 10,7 кун қолган ва ҳар бир сайёҳдан тушган даромад 972 долларни ташкил этган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг туризм маълумотларига кўра, Туркия 2023 йилда дунёнинг энг кўп сайёҳлар ташриф буюрадиган бешта давлати қаторига кирган эди.