Беш қаватли бинога тенг, поезддан тез: “Гиннеснинг рекордлар китоби”дан жой олган ажойиб балиқлар ҳақида
Биласизми, “Гиннеснинг рекордлар китоби”га кирган ютуқларда сув ости ҳаётига тегишлилари жуда кўп. Бугун қайси балиқ поезд юришидан тез суза олиши мумкинлиги, қайсиси эса 300 йилдан ортиқ яшашини билиб оламиз. Бу рекордчи балиқлар танлови сизни ҳайратда қолдиради.
Энг йирик балиқ
Бугунги кунда мавжуд бўлган энг катта балиқ Ҳинд океанида топилган кит акуласидир. Ҳажми бўйича бу балиқ ҳақиқатан ҳам катта китлардан қолишмайди. Бу акулалар одам учун хавфли эмас, китлар сингари улар ҳам денгиз ва дарёларда яшайдиган, сув оқими билан ҳаракат қилувчи ҳайвонлар ва ўсимликлардан иборат организмлар - планктонлар билан озиқланади.
Хўш, китобдаги нусха қанчалик катта экан? Одатда кит акулаларининг узунлиги 7-9 метрга етади. “Рекордлар китоби”дагисининг узунлиги эса 18,8 метр! Бу эса 5 қаватли бинонинг баландлигидан ҳам кўпроқ.
Энг митти балиқ
Бу балиқ ҳам ажойиб рекорд эгаси: Панама фотокорина балиғи табиатдаги энг митти балиқ бўлиб чиқди. Бу ғалати мавжудотлар қуёш нури кирмайдиган 1000 метрдан паст чуқурликларда яшайди. У балиқчилар у ёқда турсин, ҳатто тажрибали тадқиқотчиларга ҳам ҳар доим учрайвермайди.
Энг кичик фотокоринанинг узунлиги атиги 6,2 миллиметрга тенг. Ҳа, бундай балиқдан тўйиб овқатланиб бўлмайди, ахир у том маънода киши тирноғидан ҳам кичик келади.
Энг чаққон балиқ
“Гиннеснинг рекордлар китоби”га кирган энг шошқалоқ балиқ бу “Елканли қайиқ”дир. Узунлиги 3 метрга, оғирлиги эса 100 килограмга етадиган бу балиқнинг тезлик ошириши жуда ҳайратланарли. Табиат унинг танаси шаклини жуда силлиқ қилиб яратган.
Инсон томонидан ушбу балиқнинг қайд этилган максимал сузиб юриш тезлиги соатига 109 километрга етган. Тасаввур қилинг-а, “Елканли қайиқ” тезлиги одатда соатига 80 километрдан ошмайдиган метро поездларини орқада қолдириб сузади.
Энг узоқ умр кўрадиган балиқ
Рекордлар китобидан жой олган ажойиб балиқлар танловини бутун сув ости дунёсининг ҳақиқий катта-катта-катта... "буви"си билан якунлаймиз.
Фанга маълум бўлган энг узоқ умр кўрадиган балиқ (ва умуман олганда энг қадимги умуртқали ҳайвонлардан бири) Гренландия қутб акуласидир. Бу акулалар Шимолий Атлантиканинг совуқ сувларида дуч келган ҳамма нарсани еб кетади.
Қадимий балиқлар жинсий эркинликка фақат (ўйлаб кўринг-а!) 150 ёшда эришади. Олимлар 2016 йилда 392 ёшда бўлган акулани учратишганида жуда ҳайратланишди. Ақлга сиғмайди: балиқ Европа ўттиз йиллик урушини қамраб олган даврда, европалик сайёҳ зиёратчилар Шимолий Америкага эндигина жойлаша бошлаган пайтда туғилган экан.
Қайси балиқ сизга жуда ҳам ҳайратланарли туюлди?
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.