"Беш ташаббус олимпиадаси": Самарқандда стритбол бўйича республика мусобақасига старт берилди

Самарқанд шаҳридаги спортнинг ўйин турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсуми доирасида хотин-қизлар ўртасида стритбол бўйича “В” лига баҳслари бошланди.

Мусобақада республикамизнинг 14 ҳудудидан келган 210 нафар қатнашчи учта (16-21, 22-26, 27-30) ёш тоифасида қатнашмоқда.

Мусобақанинг очилиш маросимида вилоят спортни ривожлантириш, ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси масъуллари иштирок этиб, мазкур олимпиада маҳалла ёшлари ўртасида оммалашиб бораётгани ва иқтидорли ёшларнинг қобилиятини намоён этишида катта имконият яратаётганини такидлади.

Шундан сўнг учта ёш тоифасида баҳслар бошланди.

Мусобақада ҳар бир жамоада 3 нафардан хотин-қиз ғолиблик учун баҳслашмоқда.

Баҳслар 12 декабрь куни якунланади.