Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака кетади
Уч кундан буён ижтимоий тармоқларда Қозоғистондаги вазият муҳокамалар марказида бўлмоқда.
Тўғри, у ерда нима бўлаётгани, ҳукумат ва халқ муносабати Қозоғистон ва қозоғистонликларнинг ички иши, ўзлари ҳал қилиб олишади. Лекин бундан ушбу давлатдаги айрим кучлар ўз манфаати йўлида фойдаланди. Одамлар кўчага чақирилди, оммавий тартибсизликлар фонида талончилик, одамларнинг мулкига, ҳатто жонига таҳдид қилинди, бегуноҳ инсонлар ҳаётдан бевақт кўз юмди. Оддий халқ кўнглида ваҳима уйғонди, болалар, аёллар қўрқув исканжасида қолди. Тадбиркорларнинг бизнеси ривожига умиди йўқолди. Инвестор мамлакатни тарк этишни ўйлай бошлади.
Кейинги воқеалар Қозоғистон давлати ва халқига, ҳозирча шундай зарар келтирмоқда. Бу митинг эмас, бу безорилик, талончилик, худкушлик бўлди.
Қўшни мамлакатдаги нохуш ҳолатдан Марказий Осиё давлатлари ва қардош халқлар ҳам ташвишга тушмоқда.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам Қозоғистондаги воқеалар юзасидан кеча баёнот бериб, Ўзбекистон Қозоғистон халқи ва раҳбариятининг мамлакат барқарорлиги ҳамда равнақи, миллат фаровонлигини таъминлаш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларини чексиз қўллаб-қувватлашини тасдиқлашини билдирди.
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ҳам қўшни давлатдаги ҳаракатларни қоралаб муносабат билдирмоқда. Жумладан, кеча қирғизистонлик фуқаронинг бундай тартибсизлар ҳеч қачон давлат ва халқ учун фойда келтирмаслиги ҳақида айтган гаплари кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Тўғри-да, кейинги йилларда Қирғизистонда рўй берган бу каби ҳолатлар қирғиз халқига наф келтирмади, аксинча, мамлакатдаги ислоҳотлар жараёнини ортга сурди. Қозоғистонлик биродарларимиз ҳам бундан хулоса қилсалар яхши бўларди. Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака кетади, деб бежиз айтилмаган, ахир.