Бир маҳалладан ер сотиб олган қурувчи бошқасида қурилиш қиляпти
Давлат активларини бошқариш агентлиги буюртмачилигида Самарқанд шаҳри Ал-Бухорий маҳалласи Нарпай кўчаси 170 “А” уй ҳудудида ерости ва ерусти автомобиль тураргоҳи қурилмоқда.
Бунинг учун "Е-аукцион" электрон савдо платформасида лот рақами 4214679 билан электрон савдо ўтказилган бўлиб, фуқаро Д.А. танловда ғолиб, деб топилган ва ҳозирда қурилиш ишларини олиб бормоқда.
Самарқанд шаҳар қурилиш бўлими 2022 йил 12 майда жисмоний ва юридик шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун Самарқанд шаҳри Ал-Бухорий маҳалласи ҳудудидаги ерости ва ерусти автотураргоҳи қурилиши бўйича П171840110583-1 уникал рақам билан "Е-ижро аукцион" электрон савдо майдончасига киритилган 0,24 гектар майдони юзасидан 715-сонли хулоса тақдим этилган.
Лекин, ушбу "Е-аукцион" электрон платформасида Самарқанд шаҳар Ал-Бухорий маҳалласи, деб кўрсатилган, қурилиш ерости ва усти автотураргоҳи эса Суғдиёна маҳалласи ҳудудида қурилмоқда. Бу эса электрон савдо ўтказилган манзил чалкаштирилганлигини ёки бошқа манзилда қурилиш бўлаётганлигини кўрсатади. Бу маълумот билан электрон савдога масъул бўлганлар, давлат активларини бошқариш агентлиги ва кадастр идораларининг вилоятдаги мутахассислари қизиқиб ҳам кўришмаган. Масала юзасидан Ал-Бухорий маҳалласи ходимларидан сўраганимизда улар электрон савдодан умуман хабари йўқлигини ҳамда қурилиш бўлаётган ер майдони Суғдиёна маҳалласига тегишли эканлигини билдиришди. Бундан чиқди ўтказилган савдо Суғдиёна маҳалласи ходимлари билан қурувчи ўртасида келишилган ҳолда ўтказилган. Қолаверса, қурилишга рухсат берган масъул ташкилот 10-15 метр узоқликда автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси ва ёқилғи сақлаш омбори борлигини ҳисобга олмаган кўринади.
Қурилиш ҳудудига энг яқин Суғдиёна маҳалласи 59 “А” уйда яшовчи 56 хонадондагилар, жамоатчилик ўзини ўзи бошқариш органи, шаҳар ҳокимлиги, архитектура бўлими, қурувчи корхона ёки бошқа масъул томонидан бирор маротаба огоҳлантирилмаган. Қурилишга шаҳарсозлик кодексининг тегишли бандларига асосан ёзма розилик олинмасдан қурилиш ишлари бошланган. Ахир, Давлатимиз раҳбари айтганидек, ҳамма ишлар халқнинг розилиги билан бажарилиши лозим эмасми?
Ёмон томони, кўп қаватли уйимиз олдида 2022 йилда болалар ва катталар учун соғломлаштириш тренажёр ва баскетбол майдони бор эди. Ўтган йили тренажёрларни қўпориб ташлашди, 2024 йил март ойида спорт майдончасини ҳам бузиб ташлаб, ўрнидан янги бинони давомини қуришмоқчи.
Бу бўйича фуқаролар кўплаб тегишли идораларга мурожаат қилишди, айримларидан мурожаатга жавоб ҳам бўлмади, айримлари таҳдидли жавоблар қайтаришди. Ўрганганилганлари ҳам бир томонлама фуқаролар иштирокисиз бир томоннинг хулосаси билан ёпилган. Бизнинг айбимиз нима, кўп қаватли уйда яшаганимизми? Фавқулодда ҳолат, ёнғин хавфсизлиги ва ҳаттоки деразамизни яқинидан бино қуриб нафас олишни ҳам қийинлаштириб қўйишса ҳам биз айбдорми? Болалар кун бўйи, йил давомида кўп қаватли уйнинг ичида ўтиролмайдику, қурилишга розилик бераётганлар шуларни ўйламайдими? Ҳеч бўлмаса бузиб ташланган болалар мини стадиони ва спорт майдончасини тиклашга кимдир амалий ёрдам берадими?
Самарқанд шаҳар Суғдиёна МФЙ 56 “А” уйда яшовчи фуқаролар. Жами 28 имзо.