Бир ойда истеъмолчилар томонидан 46 млрд. сўмдан ортиқ табиий газ ва электр энергияси талон-торож қилинган

Энергетика вазирлиги хабарига кўра, август ойида 785 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.

Бунда 29 млн. метр куб табиий газ (26 млрд. 297 млн. сўм) ва 38,9 млн. кВт⋅соат электр энергияси (19 млрд. 932 млн. сўм) талон-торож қилиниши натижасида тизимга келтирилган 46 млрд. 229 млн. сўм зарар ундиришга қаратилган.

Вазирликка кўра, ноқонуний фойдаланишнинг энг кўп ҳолатлари Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинган.