“Бир ойлик умр” - оиладаги тинчликка элтувчи сабоқ

Бир киши хотини билан умуман тил топиша олмасди. Уйда ҳар куни арзимаган гаплардан тортишув чиқар, бу тортишувлардан безор бўлган эркак ҳатто ажрашишни ҳам ўйлаб қўярди.

Уларнинг мунозаралари икки тараф оилалари ўртасида ҳам совуқчиликка сабаб бўлганди.

Бир кун паришон ҳолда у кўпни кўрган, аҳли илм, ҳурматли бир зотнинг олдига бориб, аҳволини айтиб берди. У зот эса шундай де,ди:

— Агар ҳозир ажрашсанг, ҳеч нарса ўзгармайди. Сенинг бир ойча умринг қолибди, нима қилмоқчи бўлсанu, ўша билан шуғуллан.

Бу гапни эшитган киши лол қолди, ранги оқариб, юраги сиқилган ҳолда уйга қайтар экан, йўлда учраган ҳар бир танишидан розилик сўрай бошлабди. Уйга етиб келгач, хотинига мурожаат қилиб:

— Хотин, мен сени кўп хафа қилдим. Яхши эр бўлолмадим, ҳақингга риоя қилолмадим. Мени кечир, мендан рози бўл, — деди.

Хотини ҳайрон бўлиб:

— Нима бўлди сизга? Лекин майли, аслида сиз мендан рози бўлинг. Мен кўп беодоблик қилдим, сиздан кўп хафа қилдим, — деб унинг юраги ҳам юмшади. Иккови кўзларига ёш олиб кўнгиллари ярашди.

Шундан кейин эр қайнотасининг уйига бориб, йиғлаб кечирим сўради. Хотини ҳам онасидан, яқинларидан узр сўради. Уйда эса тинчлик ва муҳаббат қайта тикланди. Улар бир-бирини ранжитишдан қўрқиб, ҳар куни гўё жаннатда яшагандек ҳаёт кечира бошладилар.

У одамнинг ўзи бу ҳикматли гапни хотинига айтмади. Бир ойни санай бошлади. Кунлар яқинлашган сари яхшиликлари кўпайди, кечалари ибодат қилди. У яхши бўлган сари хотини ва икки оиланинг муносабатлари ҳам илиқлашди.

Бир ой ўтди — у ўлмади. “Балки бир неча кун қолгандир”, деб яна кутди. Аммо яна ўлмади. Охири ўша ҳурматли зотнинг олдига бориб:

— Афандим, мен ўлмадим-ку, — деди.

У зот илжайиб жавоб берди:

— Мен сенинг қачон ўлишингни билмайман. Лекин ўлим ҳақ эканини биламан. Ўладиган одам жанжал билан ҳаётини заҳарламайди. Ҳозирги ҳаётингдан розимисан?

— Ҳа, бир-биримиз билан умуман тортишмаяпмиз, — деди эр.

— Унда шу ҳолда давом этинглар, — деди у зот.

Шу тарзда улар тинчликда, меҳр-оқибатда яшашда давом этди.

Марям ОСИЁ.