Бир қозон ош – 100 миллион сўм

"Беш ташаббус олимпиадаси" доирасидаги айрим танлов ва мусобақаларнинг республика финал босқичи Самарқандда ўтказилмоқда. Кеча "Касблар танлови"нинг ошпазлик йўналиши бўйича республика финал босқичи шаҳардаги Алишер Навоий номли кўчада ташкил этилди.

Унда мамлакатимизнинг 14 ҳудуди - Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан ёш ошпазлар ўз маҳоратларини кўрсатди.
Якунга кўра, қашқадарёлик Шоҳруҳ Муқимов учинчи ўринни эгаллаб, 50 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. Иккинчи ўринни эгаллаган сирдарёлик Аббос Мансуров 75 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Биринчи ўрин ва 100 миллион сўм пул мукофоти Тошкент шаҳри вакили Азамат Рўзибоевга насиб этди.

- 100 миллион сўм кам маблағ эмас, - дейди А.Рўзибоев. – Бугун амин бўлдим, оддий ошпазлик ортидан ҳам катта муваффақиятларга эришса бўларкан. Бундай имкониятлар, албатта, Ўзбекистон ёшлари учун яратиб бериляпти. Танлов ёшларни бирлаштирди. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос таом тайёрлаш жараёни билан танишдик, тажриба алмашдик, дўстлар орттирдик. 14 хил овқатдан татиб кўрдик. Танлов баҳона Самарқанддаги тарихий обидаларни ҳам зиёрат қилдик.
Шунингдек, танловда ҳар бир ёш ошпазга фаол иштироки учун 15 миллион сўмдан пул мукофоти топширилди.

Тўлқин СИДДИҚОВ,
Жасурбек ШУКУРОВ (сурат).