Биринчи марта юртимизда касаба уюшмалари куни нишонланмоқда

11 ноябрь юртимизда “Касаба уюшмалари куни” деб белгиланган ва бу йил илк бор ушбу сана нишонланади.

  Сана муносабати билан вилоятимизда турли тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳрида соҳа ходимлари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида тантанали маросим ўтказилди.

  Тадбиркорлар, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси У.Муҳамедов, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши раиси С.Рафиқов тадбир иштирокчиларини табриклади. Кейинги йилларда жамият ҳаётида касаба уюшмаларининг ўрни ва роли ошиб бораётгани, ташкилот томонидан ишчи-ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароити яратилаётгани эътироф этилди.

  – 2020 йилда ўтказилган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг саккизинчи қурултойи иштирокчиларига илк бор давлатимиз раҳбари табрик йўллаб, 11 ноябрни Ўзбекистон касаба уюшмалари куни сифатида нишонлашни таклиф этганди, – деди С.Рафиқов. – Кейинчалик бу ташаббус ҳуқуқий асосда мустаҳкамланди. Бу йил биринчи марта ушбу кунни сизлар билан бирга кенг нишонлаш арафасидамиз.

  Тадбирда вилоят касаба уюшмалари ташкилотларининг 83 нафар фаоллари ва фахрийларига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг “Касаба уюшмаларига 1 йил” эсдалик нишони тантанали равишда топширилди.

  Шунингдек, федерация томонидан турли соҳалар вакиллари ўртасида ўтказилган кўрик-танловларнинг республика босқичида иштирок этиб, ғолиб бўлганлар ҳам муносиб рағбатлантирилди. Хусусан, Пахтачи тумани ҳокими Музаффар Ҳамдамов “Энг яхши сектор раҳбари”, Паст Дарғом туманидаги Қозоқ Найман маҳалласи раиси Аҳрор Арслонов “Энг яхши маҳалла раиси”, Жомбой туманидаги “777 AN-NUR 777” ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари С.Исакова “Энг намунали аёл иш берувчи” сифатида тақдирланди.

Яна бир гуруҳ ҳамкор ташкилотлар вакилларига пул мукофотлари, эсдалик совғалари, санаторийларга йўлланмалар берилди.

Ҳусан Элтоев.