Биржа нима? Брокер ким? У билан қандай шартнома расмийлаштирилади?
Республика товар-хом ашё биржаси Самарқанд филиали ҳамда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида “Тадбиркорлик субъектларини биржа савдоларига жалб қилиш ва уларга биржа ҳамда унинг бозор механизмлари қўлланилишидаги муҳим аҳамияти” мавзусида тадбиркорлар билан семинар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Пайариқ ва Оқдарё туманларида ўтказилган шу каби семинарларда филиал бошқарувчиси Фурқат Юлдашев биржа савдолари ва электрон тижорат соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди.
Йиғилишда республика товар-хом ашё биржаси товар ресурсларидан эркин фойдаланиш имконини тақдим этиб, ўтказилаётган савдоларнинг шаффофлиги ва барча иштирокчилар учун тенг шароитларни таъминлаш ҳамда тузилган битимларнинг бажарилишини кафолатлаши таъкидланди. Биржа фаолияти мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш ва инновацияларни жорий этишга йўналтирилганлиги боис биржада бизнес учун яратилган қулай шарт-шароитлар товар бозорларида соф рақобатни ривожланишига кўмак беради.
– Бугунги кунда бозор муносабатларини биржасиз тасаввур қилиб бўлмайди, – деди Ш.Юлдашев. – Тадбиркор ишлаб чиқарган маҳсулотини қийинчиликларсиз сотиши керак. Жойларда ўтказилаётган семинарлардан кўзланган мақсад, тадбиркорларга биржа фаолияти билан таништириш, биржа ва аукцион савдоларини ўтказиш, биржа савдолари орқали сотиш тартибларини тушунтириш.
Семинарда брокер ким? У билан қандай шартнома расмийлаштирилади? Биржадан қандай рўйхатдан ўтиш мумкин? Бу ерда маҳсулотлар қандай сотилади? Тадбирларда шу саволларга жавоб берадиган ва биржанинг афзалликлари тўғрисида видеоролик намойиш этилди.