Бирлашган қиролликка дарз кетмоқда

Лондон жаҳондаги турли мамлакатларда яхлитликни сақлаш ҳаракатини қўллаб-қувватлашга озмунча куч сарфламади. Бугун эса Буюк Британиянинг ўзи парчаланиш бўсағасида турибди, деб ёзади “Мир Новостей” (2021 й, 10-сон).

Маҳаллий телевидение сўнгги сўрови шов-шувли натижа берди. Уэльснинг 40 фоиз аҳолиси ўз мамлакатини қиролликдан чиқишига эришмоқчи. Кўпчилик уэльсликларнинг тарихан улар алоҳида миллатлиги ва умуман Британиянинг бошқа аҳолисидан кўп нарсалар фарқлаб туришига ишончлари комил. Бошқалар эса мустақилликда яхшироқ яшашларидан умидвор. Сўралганларнинг ўндан тўрт қисми марказий ҳукумат пандемияга қарши курашни эплолмаганидан норози. 37 фоиз аҳоли Лондоннинг қонунчилигига нисбатан Уэльс парламентига кўпроқ ишонишини билдирган.

Уэльснинг ажралиш тенденцияси кундан-кун кучаймоқда, бунда Шотландиянинг шу йил ўтказилиши кутилаётган референдиуми бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Ҳозирда бу масалада Шотландияда маҳаллий раҳбарлар ўртасида кескин зиддиятлар вужудга келган. Шунга қарамасдан, 53 фоиз шотландияликлар мустақиллик тарафдори.

Буюк Британия тарихида ҳеч қачон Уэльс мустақиллигини қўллаб-қувватлаш бунчалик юқори бўлмаганди. Экспертларнинг фикрича, 2025 йилда Шотландия мустақилликка эришади. Ундан кейин Шимолий Ирландия Ирландия Республикаси билан қўшилиши учун бош кўтаради. Турган гап, Лондон уларни шундоқ осонгина қўйиб юбормоқчи эмас. Британия етакчи сиёсий партияси мамлакат яхлитлигини сақлаб қолиши учун барча тарғибот-ташвиқот, махсус хизмат маҳкамалари ресурсларини эрксевар етакчиларни “танобини тортиб” қўйишга қаратмоқда.

Т.Шомуродов тайёрлади.