Бизда хом ашё етарли. Аммо уни жаҳон стандартлари бўйича қайта ишлаш ва қадоқлашга маблағ керак

Самарқанд ветеринария медицинаси институтида Америка Қўшма Штатлари “Сhemonics” халқаро ташкилотининг Европа ва Осиё минтақаси менежерлари билан учрашув бўлиб ўтди.

“Сhemonics” компанияси агробизнес, саломатлик, фан ва таълим, шунингдек, иқтисодиёт ва халқ хўжалигининг турли йўналишлари бўйича инновацион лойиҳаларни молиялаштириш билан шуғулланувчи йирик халқаро ташкилотлардан бири. Ташкилотнинг бош офиси Вашингтонда жойлашган бўлиб, у дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатлари билан турли грант лойиҳалари юзасидан ҳамкорлик қилади. Осиё, Африка, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси мамлакатларида компаниянинг 5000 нафардан ортиқ мутахассис ходимлари фаолият кўрсатади.

Ташкилот вакиллари, жумладан, менежер Френки Козели хоним озиқ-овқат ҳавфсизлиги билан шуғулланувчи Марказий Осиё ҳудудидаги ягона олий таълим муассасаси – Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг бугунги ҳаёти, илмий изланишлар, тадқиқотлар, институтнинг халқаро ҳамкорлик алоқалари, грант лойиҳалардаги иштироки ва келгуси режалари билан қизиқди.

Учрашув давомида институтда Кластер тизимини жорий этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар халқаро мутахассисларни анча қизиқтириб қўйди ва келгусидаги грант лойиҳаларни шу ишга жалб этиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Халқаро стандартларга чиқиш учун биздан нима талаб этиляпти? Озиқ-овқат саноатига янги инновацион технологияларни жорий этиш орқали ҳам мамлакат иқтисодиётини юксалтиришга хизмат қилиш мумкин.

Хорижлик мутахассисларнинг мулоҳазасига кўра, минтақада табиий тоза, яъни экологик жиҳатдан мукаммал бўлган маҳсулотлар (гўшт, сут ва ҳоказо) етиштирилади. Уларнинг эҳтиёждан ортганини жаҳон стандартлари талабларига мос равишда қадоқлаб, экспорт қилиш учун зарур замонавий технологиялар етишмайди. Зарур маблағни хорижий грант лойиҳалари қўмагида келтириш мумкин. “Сhemonics” компанияси ана шу имкониятни тақдим этади.

Таълим ишлаб чиқариш билан уйғунлашган ҳолда олиб борилса, бу имкониятларимиз икки баробар ортиши мумкин. Институтда шунга ҳаракат қилиняпти. Талабалар иккинчи курсдан бошлаб ўз йўналишлари бўйича хўжалик ва ишлаб чиқариш корхоналарида тажриба, малака орттирмоқда.

Мулоқотда ана шу жиҳатларга эътибор қаратилди. Нуфузли хорижий меҳмонлардан ўз лойиҳаларини шу каби масалаларга қаратишлари ва маблағ ажратилиши юзасидан фикр алмашинди.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.