“Бизнес-план қилиб бераман!”: Ижтимоий тармоқларда янги фирибгарлик пайдо бўлгани айтилмоқда
Ижтимоий тармоқларда кўпинча ёзиб қолишади: “15 000 доллар билан нима иш бошласам бўлади?”, “Бизнес-лойиҳа керак, 7 000 доллар билан иш бошламоқчиман”... Энди эса, афтидан, бизнес соҳасига кириб келаётганлар ана шундай ёшларни “овлаш” билан шуғулланувчи фирибгарлар ҳам пайдо бўлмоқда. Ижтимоий тармоқ фаоллари бу ҳақда фикр мулоҳазаларни билдирмоқда.
Чиройли ва ҳашаматли офис, қимматбаҳо машина ва буюмлар, машҳур бизнес эгалари билан биргаликда тушган расмлар. Кўпинча мана шунинг ўзи ҳам янги “бизнес ҳамкор”га нисбатан ишонч уйғотиши мумкин. Аммо айрим содда ёшлар билмайдики, буларнинг бари атиги ярим соатга келишилган ижара, суратлар эса фотомонтаж, дейди фойдаланувчилардан бири.
Жумладан, ижтимоий тармоқ фаолларидан бири Хайрулла Мамасолиев ўз саҳифасида шундай ёзади:
“Инвестор излаб юрган ёшларга!
Ўртоқлар, бизнес-лойиҳа ёки бирон ғоя билан юрган ёшлар! Тадбиркорликни бошламоқчи экансиз, бизнес-план қилиш, консультация олиш ва бошқа нарсаларда учармон "инвестор"лар топиб берадиган "акахон"лар чиқиб қолиши мумкин!
Сиз билан гаплашиб ғоянгизни ўғирламайди. Инвестор топиб бераман, кредит ҳал қилиб бераман, деб сиздан пул шилишни бошлайди. Чиройли офис ёки гостиницага чақиради (ярим соатлик аренда) катта-катта одамлар билан тушган расмларини кўрсатиб (фотошоп) кўча тилида ҳам “любой проблема"ни ҳал қилиб бераман, дейди. Мана ҳамма ҳужжатлар “на старте” ҳозир 10 000 доллар ташласанг 20 кун ичида 50 000—100 000 доллар кредитни ёки инвестицияни ҳал қилиб бераман, дейди.
Бошқа инвест лойиҳаларни кўрсатиб мана шуни мен ҳал қилганман, дейди. Нима қилиб бўлса ҳам пулингизни олишга ҳаракат қилади. Пулни бергандан кейин ана келаяпти, мана келаяпти, деб яна 2000-3000 майда-чуйда қилиб олади! Булар ҳам анаву Африкада ўлиб қолган миллионер тоғангизнинг адвокатига ўхшаган одамлар. Пулингизни ҳеч қайси йўл билан қайтариб ололмайсиз! Пул бериб шаҳарма-шаҳар қатнаб юрган бизнесменларни кўриб ва яна фирибгарларда 2-3 та Самарқанддаги лойиҳаларни кўриб бу мавзуда ёзишга қарор қилдим.
Эҳтиёт бўлинг ва ҳамиша ишнинг қонуний томонини кўринг!”