“Бизни тожикистонликлар ҳам кузатяпти!”

Телеэкран орқали кўрсатув томоша қилганингизда ёки радио орқали эшиттириш тинглаганингизда уларнинг тайёрланиш жараёни ортида қандай меҳнат ётганини биласизми? Баъзида 20 дақиқалик кўрсатув тайёрлаш учун 20 соат вақт сарфланиши мумкин. Сценарий ёзилишидан эфирга узатилишигача бўлган жараёнда 20 нафарга яқин техник ва ижодий ходим ишлайди.

Биргина мисол, Самарқанд вилоят телеканалида эфирга узатиладиган  “Болалар вақти” кўрсатуви тайёрланишида нафақат телерадиокомпания ходимлари, балки вилоят қўғирчоқ театри актёрлари ҳам иштирок этиб келяпти. 

Ҳар бир ишнинг ўзига яраша машаққати ва завқи бор, - дейди журналист Динора Жумабоева. – Кўрсатувимиз билан АОКА томонидан ташкил этилган "Болалар учун мўлжалланган энг яхши теле ва радиолойиҳалар" танловида ғолибликни қўлга киритдик. Бу лойиҳа базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдоридамолиялаштириладиган бўлди. Кўрсатувни ёш ижодкор Кумуш Тойирова билан ҳаммуаллифликда тайёрлаймиз. Унга Дилором Бекмуродова, Жасмина Жўраева каби истеъдодли ёшлар ҳамда қўғирчоқ театри актёрлари бошловчилик қилади. Маҳоратли оператор Меҳрож Аҳроров тасвирга олса, Санъат Ўринов, Дилдор Одиловалар монтаж ишлари билан шуғулланади. Ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари эфирга узатиладиган бу кўрсатувни тайёрлашда муҳаррир Зоҳир Юсупов ҳамда режиссёр Дилобар Рўзиеваларнинг ҳиссаси катта. Аҳамиятлиси, унда сурдо таржимон ҳам иштирок этади.

Бугунги кунда вилоят телерадиоканалида 80 нафарга яқин ходим фаолият олиб боряпти. Самарқанд телеканалининг бир кунлик эфири 18 соатни ташкил этади. 30 номда теледастурлар тайёрланиб, томошабинларга намойиш этиляпти.

- Бир ҳафта давомида 11 соатлик жонли эфиримиз бор, - дейди телеканал бош муҳаррири Зоҳир Юсупов. – Бундан 5 йил илгари кўрсатувларимизни вилоятимизнинг айрим туманларида кўриш имконияти чекланганди. Тизимда олиб борилган ишлар натижасида айни пайтда нафақат  вилоятимиз, балки қўшни Навоий, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, ҳатто Сирдарё вилоятининг айрим ҳудудларида ҳам телеканалимизни кузатиш имкони туғилди. Бундан ташқари, Тожикистон Республикасининг Сўғд туманидаги айрим маҳаллаларда ҳам томошабинларимиз борлиги қувонарли.

Вилоят радиоканалида ҳам бир кунлик эфир 18 соат давом этади. Ҳар куни 2 соатлик дастур жонли узатилади.

- Иш бошлаганимизда бугунгидек шароитлар йўқ эди, - дейди радиожурналист Ҳулкар Нурматова. – Тасмали қурилмалардан фойдаланардик. Овозни монтаж қилиш керак бўлса,  тасмадан хато кетган  жойини кесиб ташлаб, қолганини бир-бирига скотч орқали улаганмиз. Ҳозирги замонавий диктофон ёки телефон аппаратлари ўрнига оғирлиги 10 килограмм бўлган репортёрларни кўтариб юрардик. Узоқ сафарга чиқадиган бўлсак, унинг микрофони, симлари, ортиқча кассеталари, аккумляторлари ва қувватлаш қурилмасини ҳам олиб боришга мажбур эдик. Бугун эса уларни гапиришнинг ўзи бир эртак.

Телерадиоканал ходимлари машаққатли, аммо завқли меҳнати билан кўплаб ютуқларни қўлга киритиб келяпти. Бардавом бўлсин!.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Дилноза АҲМАДОВА,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).