Боғча болага вақтинча қараб турадиган муассаса эмас, таълим-тарбия берадиган маскан

Аввал хабар қилганимиздек, Самарқанд вилоят Матбуот уйида Пайариқ тумани ҳокими Д.Мусинов иштирокида  матбуот анжумани ўтказилди. Унда туманда болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланишича, туманда 2019 йил бошида боғча ёшидаги болаларнинг 19,7 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Йил давомида 45 та давлат, 1 таси давлат-хусусий шериклик асосидаги, 1 та нодавлат ва 104 та оилавий мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилиб, 10 минг 400 нафардан ортиқ бола боғчага жалб этилган. Натижада йил якунида қамров 45,5 фоизга етган.

Айни пайтда эса туманда 172 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда ва бугунга келиб, 7 ёшгача бўлган болаларнинг 50,5 фоизи мазкур тизимга қамраб олинган. Йил якунига қадар бу кўрсаткични 59,3 фоизга етказиш кўзда тутилган.

– Ўтган йил инвестиция дастури асосида туманимизнинг қишлоқ ҳудудларида олтита мактабгача таълим ташкилоти капитал реконструкция қилиниб, замонавий қиёфага эга бўлди, – деди Д.Мусинов. – “Обод қишлоқ” дастури асосида Халқобод маҳалласидаги 38-сонли боғча капитал  реконструкция қилинган бўлса, Томойротдаги 43-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти янгидан бунёд этилди. Бу йил эса дастур бўйича Қумчуқ, Гулзор ва Навоий маҳаллаларида ҳар бири 120 ўринли учта давлат мактабгача таълим ташкилотида реконструкция ишлари амалга оширилди.

Вилоят хокими ва иккинчи сектор раҳбари ташаббуси билан тоғли ҳудудда жойлашган Ғаллакор маҳалласида 120 ўринли 36-боғча ташкил қилиниб, ҳозирги кунда 200 нафар болажонлар таълим-тарбия олишмоқда. Бундан ташқари, ташаббускор тадбиркорлар томонидан Сарбозор, Оқтош, Гулистон, Чоштепа маҳаллаларида давлат хусусий-шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди.

– Бу йил пандемия сабабли олдимизга қўйган барча мақсадларга эриша олмадик, вазифаларни тўлақонли бажаришимиз қийин кечди, – деди Пайариқ тумани ҳокими. – Шунинг учун бу йил болаларни боғчага қамраб олиш кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан кам бўлди. Лекин келгуси йилда бу вазифаларни икки ҳисса қилиб бажарамиз. Бунинг учун аниқ режа, дастурларимиз бор. Лекин муҳими, аҳолининг мактабгача таълим ташкилотларига бўлган қарашини ўзгартиришимиз керак. Яъни, ота-оналар боғчага боласига кун давомида қараб ўтирадиган жой деб эмас, унга таълим-тарбия берадиган муассаса, деб қараши керак.