Боғчаларнинг хавфсиз фаолияти учун талаблар ишлаб чиқилмоқда

Республика махсус комиссияси «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда МТТ рахбарияти ва ходимлари томонидан зарур хавфсизлик чораларини таъминланган ҳолда, ушбу ташкилотлар фаолиятини қайта тиклашга рухсат берилиши ҳақида қарор қабул қилинган эди.

Талаб этилувчи хавфсизлик чораларини таъминлаб бера олувчи хусусий МТТлар 15 июндан фаолиятларини бошлашлари мумкин.

Давлат МТТларининг очилиши эса 15 июндан 1 июлгача бўлган даврда амалга оширилади. Уларнинг очилиш жадвали Мактабгача таълим вазирлигининг расмий манбаларида эълон қилинади.

Айни дамда Мактабгача таълим вазирлиги МТТлар фаолияти ҳавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча шароитларни яратиш, жумладан, уларда тарбияланувчилар овқатланишини ташкил этиш учун озиқ-овқатларни харид қилиш, ҳимоя воситаларини сотиб олиш, ўрнатиш ва дезинфекция қилиш, МТТ ходимларини меҳнат таътилидан ишга чақириш бўйича тегишли расмийлаштириш ташкилий ишларини амалга оширмоқда.

«Ҳозирги вақтда барча МТТ раҳбарияти ва ходимлари олдидаги энг муҳим вазифаси — бу болалар хавфсизлигини таъминлашдир. Шундан келиб чиққан ҳолда, Мактабгача таълим вазирлиги МТТ тарбияланувчилари учун хавфсиз шароит яратиш борасидаги ишларни амалга оширишга маълум вақт талаб этилиши билан боғлиқ вазиятга тўғри баҳо беришингиз ва тушунишингизни сўрайди», дейилади вазирлик хабарида.

Вазирлик барчани карантин чоралари юмшатилишидан қатъий назар ҳушёрликни йўқотмаслик, коронавирусга қарши кураш Республика Махсус комиссияси талабларига тўла риоя қилишга чақирди.

Ота-оналар ёки фарзандларда тана ҳарорати кўтарилиши, нафас қисилиши, қуруқ йўтал, ҳолсизлик белгилари пайдо бўлган заҳоти шифокорга дарҳол мурожаат қилиш ва бу ҳақда МТТ ходимларига хабар бериш керак, дея таъкидланди вазирлик томонидан.