Божасининг уйига ўғриликка тушган фуқарога жазо тайинланди
Навоий вилояти Конимех туманида яшовчи, олий маълумотли Д.Ақлбоев (фамилия ўзгартирилган) “Зирабулоқ” газ қувурлари бошқармаси Оқтош тумани филиалида назоратчи вазифасида ишлашига қарамасдан, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиб, моддий наф кўриш мақсадини кўзлаган.
У 2019 йилнинг 25 июлидан 26 июлига ўтар кечаси соат тахминан 01:30 ларда Конимех тумани Наврўз маҳалласида яшовчи Д.Ақлбоев божаси Т.Одинаевнинг яшаш хонадонига темир панжарали эшиги устидан ошиб ўтиш орқали ғайриқонуний равишда кириб, ушбу хонадоннинг ётоқхонасида турган спорт сумкаси ичидан унга тегишли бўлган 13.000.000 сўм миқдоридаги пулларини яширин равишда талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинган.
Конимех тумани ИИБ томонидан олиб борилган суриштирув ҳаракатларидан сўнг ўғирлик жиноятини унинг божаси Д.Ақлбоев қилганлиги фош бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Конимех тумани суди томонидан Д.Ақлбоев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 2-қисмининг “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ойлик иш ҳақининг 20 (йигирма) фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Ф.ҚАҲҲОРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Конимех тумани суди раиси.