Божхона постларидаги “яшил” ва “қизил” йўлакли тизим қандай самара бермоқда? Учувчисиз учадиган аппаратларни олиб кириш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини биласизми?
Божхона чегаралари орқали ҳаракатланаётган айрим йўловчилар томонидан божхона қонунбузилиш ҳолатлари кузатилаётгани аччиқ ҳақиқат. Вилоят божхоначилари “Касални даволагандан кўра, олдини олган маъқул”, деган нақлга амал қилган ҳолда аҳоли билан жойларда профилактика суҳбатларни олиб бормоқда.
Хусусан, “Жартепа” чегара божхона пости ҳамда давлат хавфсизлиги хизмати чегара қўшинлари ходимлари ҳамкорлигида Ургут туманидаги Бойбўл маҳалласи аҳолиси билан давра суҳбати ўтказилди. Унда кўтарилган масала қанчалар долзарблиги ва бугунги кундаги аҳамияти хусусида гапирилди.
Шундан сўнг божхона пости ходимлари йўловчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб, барча чегара божхона постларида “яшил” ва “қизил” йўлакли тизим жорий этилгани, шундан келиб чиқиб чегара назорати тартиб тамойиллари енгиллашгани, шунингдек, шахсий эҳтиёжи учун товарларни олиб кириш меъёрлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб чиқиш тартиби ҳақида тушунчалар берди.
Шундай тадбир “Самарқанд аэропорти” чегара божхона постида “Санкт-Петербург-Самарқанд” йўналишидаги авиарейс йўловчилари билан ҳам ўтказилди. Унда божхоначилар фуқароларга қонунчилигимизда Ўзбекистон Республикасига учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш бўйича жиноий жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтишди.
Самарқанд вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати.