Бўлажак информатиклар учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди
Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда ТАТУ Самарқанд филиали ҳамкорлигида битирувчи курс талабалари учун “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Тадбирда ТАТУ Самарқанд филиали битирувчилари ҳамда бошқарма тизимидаги 1262 та умумтаълим мактабларидаги бўш иш ўринлари бўйича 16 та туман ва шаҳарларнинг Инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш бўлими масъул ходимлари иштирок этди.
Мен мактабларда сизга ўхшаган билимли, ўз касбининг устаси, кўзи ёниб турадиган ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассисларни 60 мингдан ортиқ педогоглар жамоаси орасида кўришни истайман, - деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шокир Султонов. -
Бугун вилоят мактабларида 148 та АКТ мутахассислиги ва информатика ўқитувчилари етишмайди. Шунингдек, янги ўқув йилидан биринчи синфдан информатика фани ўқитилади. Бу информатика фани ўқитувчиларига бўлган талабни янада оширади.
Бундан ташқари, мактабларда информатика фани тўгараклари очилади.
Меҳнат ярмаркасида олийгоҳ битирувчилари билан ишга киришни расмийлаштириш тартиби ва бошқа масалалар муҳокама этилди.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати.